Фермерларга юклатилган 9 та мажбурият бекор қилинмоқда

Жамият 17130
image

Фермер хўжаликларига юклатилган ўнга яқин мажбуриятларни бекор қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланмоқда.

Лойиҳада “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 5 ва 10-моддаларидаги фермер хўжалиги фаолияти учун ажратиладиган ер майдонлари тоифалари ва ҳажми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 августдаги “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига асосан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларга мувофиқлаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида белгиланган фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари бериш тартибидан туман ҳокимларининг ер майдонларини ажратиш ҳамда ажратишни рад этиш билан боғлиқ нормалар ва механизмлар чиқариб ташланмоқда.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 5, 17, 25 ва 32-моддаларида фермер хўжалигига юклатилган қуйидаги 9 та мажбурият ушбу қонундан чиқариб ташланмоқда:

1) ер участкалари берилганда қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги (уч йил учун ўртача йиллик ҳосил ҳисобида) қонунчиликда белгиланган норматив ҳосилдорликдан кам бўлмаслигини таъминлаш мажбурияти – Қонуннинг 5-моддаси;

Маълумот учун: фермер хўжалиги тадбиркорлик субъекти сифатида ўзига бириктирилган ерларда қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлигини оширишдан манфаатдор субъект ҳисобланади. Шу сабабли, унга ҳосилдорликка доир мажбурият белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас.

2) агар ижарага олиш шартномасида бошқа муддат белгиланган бўлмаса, ер участкаси берилган вақтдан эътиборан бир йил ичида ундан фойдаланишга киришиш мажбурияти – Қонуннинг 17-моддаси;

Маълумот учун: Фермер хўжалиги тадбиркорлик субъекти сифатида ўзига бириктирилган ерлардан фойдаланиб даромад олишдан манфаатдор субъект ҳисобланади. Шу сабабли, унга ушбу мажбурият белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас.

3) тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулоти назарда тутилган ҳажмларда етказиб берилишини таъминлаш мажбурияти – Қонуннинг 17-моддаси;

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта хом ашёсини етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йил ҳоисилидан бошлаб давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти тўлиқ бекор қилинди. Бундан ташқари, шартнома шартларига риоя қилиш шартнома тарафларининг мажбурияти ҳисобланади. Шу сабабдан, контрактация шартномалари бўйича фермер хўжалигига алоҳида мажбурият юклаш зарурати мавжуд эмас.

4) сув ресурсларидан сув истеъмоли тўғрисидаги шартномага мувофиқ фойдаланиши, сувни тежаш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини кўриш мажбурияти – Қонуннинг 17-моддаси;

Маълумот учун: Қонуннинг 15-моддасида фермер хўжаликларининг сув истеъмоли уларга хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланадиган сув объектларидан сув олиш лимитлари асосида белгиланган тартибда амалга оширилиши белгиланган.

5) фермер хўжалиги аъзо бўлган сув истеъмолчилари уюшмаси балансида турган суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини тозалаш ва таъмирлашда белгиланган тартибда иштирок этиши, шунингдек уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши мажбурияти – Қонуннинг 17-моддаси;

Маълумот учун: Қонуннинг 15-моддасида фермер хўжаликларининг сув истеъмоли уларга хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланадиган сув объектларидан сув олиш лимитлари асосида белгиланган тартибда амалга оширилиши белгиланган.

6) меҳнат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини, ўз ходимлари, шу жумладан фермер хўжалигида меҳнат қиладиган оила аъзолари, вақтинча (мавсумий) ёлланадиган фуқаролар учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш мажбурияти – Қонуннинг 17-моддаси;

Маълумот учун: Ушбу муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тўлиқ тартибга солинганлиги сабабли, фермер хўжалигига бу таҳрирда қўшимча мажбурият юклаш зарурати мавжуд эмас.

7) қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан муҳофаза қилинишини таъминлаш мажбурияти – Қонуннинг 17-моддаси.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 июлдаги “Республикада ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ўсимликларни ҳимоя қилиш хизматлари хусусий секторлар томонидан ҳам кўрсатилиши, хусусий секторда ўсимликлар ҳимояси соҳасида хизмат кўрсатадиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ходимларини сертификатлаш тизимининг жорий этилиши белгиланди. Шунингдек, мазкур Фармонда ушбу хизматлар учун қатор имтиёзлар белгиланди. Шу сабабли, қонунда белгиланган фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан муҳофаза қилинишини таъминлаш мажбурияти чиқариб ташланиши таклиф этилмоқда.

Шунингдек, фермер хўжаликларига мажбуриятлар фақат қонун орқали берилиши лозимлиги, қонуности ҳужжатларида уларга мажбурият юклатилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги асосланган ҳолда Қонуннинг 17-моддаси иккинчи қисмига ўзгартиш киритилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 346
Рейтинг: 3
Теглар
t
×