Федерация Кенгаши Путиннинг 4 та ҳудудда ҳарбий ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонини маъқуллади

Олам

image

Россия Федерацияси Федерация кенгаши бугун, 19 октябрь куни ялпи мажлисда Россия Президенти Владимир Путиннинг Донецк, Луганск халқ республикалари (Ўзбекистонда тан олинмаган – таҳр.), Запорожье ва Херсон вилоятларида ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонини маъқуллаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. 

Қарор бир овоздан маъқулланган. 

Федерация Кенгашининг Конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси раиси Андрей Клишас фармон Конституция ва “Ҳарбий ҳолат тўғрисида”ги федерал қонун талабларига мос келишини таъкидлади. 

“Ишончим комилки, ЛХР, ДХР, Запорожье ва Херсон вилоятларидаги ҳарбий ҳолат бизнинг асосий мақсадимизга – бу ҳудудларни тинч ҳаётга қайтариш, одамлар имкон қадар тезроқ ўз уйларига қайтишлари учун тезроқ ҳаракат қилишимизга имкон беради”, дейди Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко.

Қонунчиликка кўра, Россия Федерацияси ҳудудида ёки унинг алоҳида ҳудудларида ҳарбий ҳолат Президент фармони билан жорий этилади. Тегишли қарор Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланиши керак. Шунингдек, Президент фармони билан уни жорий этиш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан кейин бекор қилинади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путин ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларида ҳарбий ҳолат жорий этилишини маълум қилганди. Бундан ташқари, алоҳида фармонда мамлакатнинг чегарадош ҳудудларида "ўрта даражадаги жавоб чоралари" жорий этилган. Марказий Федерал округи ва Жанубий федерал округи ҳудудида (юқорида кўрсатилган ҳудудлар бундан мустасно) юқори огоҳлантириш режими жорий этилмоқда. 

23-27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудида, шунингдек, тан олинмаган ДХР ва ЛХР ҳамда босиб олинган Херсон вилоятида “Россияга қўшилиш бўйича бир томонлама референдумлар” ўтказилди. Запорожье вилоятида протоколларнинг 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, қўшилиш тарафдори 93,11 фоиз, Херсон вилоятида – 87,05 фоиз, ДХРда – 99,23 фоиз, ЛХРда – 98,42 фоиз.

Референдум натижаларини халқаро ташкилотлар, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, НАТО каби тузилмалар тан олмади ва уни ноқонуний деб атади.

30 сентябрь куни эса Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин ҳарбий ҳолат

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг