Путин Россия босиб олган 4 ҳудудда ҳарбий ҳолат жорий қилди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин мамлакатнинг аннексия қилиш йўли билан қўшиб олинган тўртта янги ҳудуди – ДХР, ЛХР, Запорожье ва Херсонда ҳарбий ҳолат жорий қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

"Мен Россия Федерациясининг ушбу тўртта субъектида ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзоладим. У зудлик билан Федерация Кенгашига тасдиқлаш учун юборилади ва қарор ҳақида Давлат Думасига хабар қилинади”, дейди Путин бугун, 19 октябрь куни видеоконференция орқали ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида.

Қонунга кўра, Россия Федерацияси Президенти Федерация Кенгаши ва Давлат Думасига ҳарбий ҳолат жорий этилгани ҳақида дарҳол хабар бериши керак.

"Россия Федерацияси Конституциясининг 87-моддаси 2-қисмига ва 2002 йил 30 январдаги 1-сонли “Ҳарбий ҳолат тўғрисида”ги Федерал Конституциявий қонунининг 3 ва 4-моддаларига мувофиқ Қуролли Кучлар Россия Федерациясининг ҳудудий яхлитлигига қарши қўлланилишини ҳисобга олиб, қарор қиламан: 2022 йил октябрдан бошлаб Донецк халқ республикаси, Луганск халқ республикаси (Ўзбекистон ДХР ва ЛХРни тан олмаган – таҳр.), Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳудудларида ҳарбий ҳолат жорий этилади”, дейилади фармон матнида.

Ҳукуматга Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ФХХ, Россия гвардияси ва Россия Федерацияси Президентининг Махсус дастурлар бўйича Бош бошқармасининг таклифларига мувофиқ уч кун муддатда ҳарбий ҳолат жорий этилган ҳудудларда кўриш чора-тадбирлари тўғрисида таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, 23-27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудида, шунингдек, тан олинмаган ДХР ва ЛХР ҳамда босиб олинган Херсон вилоятида “Россияга қўшилиш бўйича бир томонлама референдумлар” ўтказилди. Запорожье вилоятида протоколларнинг 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, қўшилиш тарафдори 93,11 фоиз, Херсон вилоятида – 87,05 фоиз, ДХРда – 99,23 фоиз, ЛХРда – 98,42 фоиз.

Референдум натижаларини халқаро ташкилотлар, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, НАТО каби тузилмалар тан олмади ва уни ноқонуний деб атади.

30 сентябрь куни эса Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

129

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг