Фарғоналик келинлар дабдала қилган заводда аҳвол қандай?
Жамият
−
24 Июль 2019
11982“Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш инвестицион лойиҳасини амалга ошириш доирасида чет эллик шериклар томонидан нефть етказиб бериш бошланди. Шу тариқа ҳудуднинг энг йирик корхонаси фаолиятида янги даврга дебоча қўйилди”, деб ёзмоқда ЎзА.
Хабарда қайд этилишича, ҳозирги кунда ишга туширилмаган қувватларни ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилиш бошланди. Хусусан, тўртта қурилма қайтадан ишга туширилди. Заводнинг энг катта муаммоси – нефть хомашёсининг тақчиллиги ҳал этилди. Бу маҳсулот ишлаб чиқаришнинг муттасил камайишига сабаб бўлиб келаётган эди.
Илгари завод ойига ўртача 60-65 минг тонна нефтни қайта ишлаган бўлса, энди бу кўрсаткич босқичма-босқич уч баробаргача оширилади. Келгусида эса қайта ишлаш ҳажмини 4-5 баробаргача кўтариш мақсад қилиб қўйилган. Бунинг натижасида ҳозиргача 192 мутахассис ўз иш ўрнига қайтди, уларнинг сони 400 га етказилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил июнь ойида Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифи вақтида вилоят фаоллари билан йиғилиш ўтказган ва вилоятдаги нефтни қайта ишлаш заводини кескин танқид қилганди.
Ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалган бир ярим дақиқалик аудиоёзувда Шавкат Мирзиёев Бош вазирлик вақтида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятига арашала олмаганини айтган.
“27 йилда Фарғонада битта янги корхона пайдо бўлгани йўқ. Ўша эски ФНПЗни шундай таги билан металлоломга ташласак, бизга фойда бўлади. Бунда чиқаётган маҳсулот бир тийинга қиммат. Агар бу зўр ишлаганда... бу маҳсулотни ўша олдинги бу ердаги, кечирасизлару қўпол бўлсаям, каламушлар эгаллаб олмаганда эди... Бу заводни дабдала қилиб кетган ўша ФАРҒОНАЛИК КЕЛИНЛАР. (!) Қўпол бўлсаям. Ҳаммаларинг тушуняпсизлар ким тўғрисида айтганимни.
Мен ўзимга сўз берганман, бир оғиз ҳам буюк инсонларга ном келтирмасликка. Нимага десангиз, Шароф Рашидовичнинг ҳаёти мен учун жуда катта ўрнак бўлган. Ўзимизни ўзимиз кўмганмиз бир пайтлар. Мен бундан йироқман, ҳеч қачон бу нарса бўлмайди. Лекин у каламушлар қилган Фарғонани. Эгаллаган, ҳамма нарсани дабдала қилган. Буям ҳақиқат! Шу Фарғона ФНПЗни ҳам улар эгаллаган эди. Мен Бош вазир бўлиб аралашмаганман. Аралашганимда бу ерда ўтира олмасдим. Хиёнат қилган халққа нисбатан улар ҳаммаси бир бўлиб. Тўда бўлиб, тўда бўлиб хиёнат қилган. Биронта депутат ҳам, биронта... айтолмасдик. Нимага десангиз, айтиш мумкин эмасди. Униям бугун айтишим керак. Бировга ёқадими, ёқмайдими виждонимнинг олдида тозаман. Тўда ўғирлаган Фарғона вилоятини. Ким тўғрисида айтганимни мен ҳаммаларинг биласизлар. У замон тугади энди”.
Президент бир неча бор ким ҳақида гапираётганини билишларини айтган бўлса ҳам, гап ким тўғрисида бораётганини аниқ очиқламаганди.
Мирзиёев нимага шаъма қилганди. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи кимга тегишли эди? Нега ўша вақтлар ҳеч ким миқ этмаган? Боиси нима? Кишида бу каби саволлар туғилиши табиий.
Маълумотларга кўра, завод бир маҳаллар Татьяна Каримованинг жияни Акбар Абдуллаевга тегишли бўлган. Акбар Абдуллаев Татьяна Каримованинг опаси Тамара Собированинг ўғли.
Ўзбекистонда Гулнора Каримовага очилган жиноят ишидан кейин 2013 йилнинг октябрь ойида унинг жияни Акбар Абдуллаевга нисбатан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Акбар Абдуллаевга 164- “Давлат мулкини талон-тарож қилиш” ҳамда 184- “Солиқлардан бош тортиш” моддалари бўйича жиноят иши очилган эди. Мазкур жиноят ишига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 210-моддаси, порахўрлик айби ҳам илова киритилган.
Абдуллаевга қарши жиноят иши Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги текширувлардан сўнг бошланган.
2012 йил ёзида заводнинг деярли бутун раҳбарияти ҳибсга олинган.
Уларнинг кўрсатмалари асосида Акбар Абдуллаев ҳам ҳибсга олиниб, кейинроқ қўйиб юборилган. Халқаро ОАВ қайд этишича, Абдуллаевнинг фаолияти бевосита ва билвосита Гулнора Каримованинг қаноти остида бўлган.
Мазкур корхона ўз вақтида Фарғона водийсидаги нефть конларини ўзлаштириш ва минтақа давлатларига нефть маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида бунёд этилган. У ҳозирги кунда ҳам углеводород хомашёсини қайта ишлаш бўйича мамлакатдаги энг йирик мажмуалардан биридир. 475 гектар майдон, 52 та технологик объект унинг улкан салоҳиятидан далолат беради.
Лекин техника ва технологиялар эскиргани, ишлаб чиқариш асосан импортга боғлиқ бўлгани сабабли корхона кейинги ўн йилда норентабел бўлиб қолган эди. Йиллик лойиҳа қуввати 6 миллион 450 минг тонна бўлгани ҳолда ишлаб чиқариш бор-йўғи 30 фоизга тушиб қолганди.
Давлат раҳбари жорий йил 21 февраль куни нефть-газ ва кимё саноатини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини инвесторларнинг ишончли бошқарувига бериш вазифасини қўйган эди. Шунга мувофиқ 10 апрелда “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.
Мазкур модернизация жараёни Индонезиянинг “РТ Trans Asia Resources” хорижий компанияси билан ҳамкорликда уч босқичда амалга оширилади. Компаниянинг соҳада катта тажрибаси, жаҳон бозорида ўз ўрни бор. Бу заводни хомашё билан барқарор таъминлаш, уни жаҳон стандартлари асосида қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорларга етказиб беришга хизмат қилади. Келгусида етакчи халқаро компаниялардан иборат бўлган консорциум ташкил этиш режалаштирилган.
Келишувга асосан, заводга жорий йилнинг ўзида камида 300 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этилади. Бу маблағ эвазига икки ой давомида ҳозирда ишламай турган 11 қурилманинг 7 тасидан фойдаланиш тикланади. Бунинг натижасида 7 минг 100 та иш жойлари сақлаб қолинади, 450 киши ўз иш ўринларига қайтади.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини уч босқичда модернизация қилиш режалаштирилган. Лицензия эгалари сафига АҚШнинг Honeywell UOP, Франциянинг Axens, Даниянинг Haldor Topsoe ва дунёдаги нефтни қайта ишлаш технологияларини ишлаб чиқарувчи бошқа етакчи компаниялар киради.
Лойиҳани амалга ошириш учун сармоядор томонидан GS компанияси (Жанубий Корея) мутахассислари жалб қилиниб, улар заводни техник кўрикдан ўтказди. Тўпланган маълумотлардан корхонани модернизация қилиш лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилади.
Биринчи босқичда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи маҳаллий бозор учун ишлайди, истиқболда эса юқори сифатли харидоргир нефть маҳсулотларини Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон каби қўшни давлатларга етказиб беришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Масалан, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Афғонистон ҳукуматлараро комиссиясининг 17 июль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган биринчи мажлиси доирасида “Transasia Resources” компанияси билан Афғонистонга 1 миллион тонна нефть маҳсулотлари етказиб бериш тўғрисида битим имзоланган.
LiveБарчаси