Фарғонадаги клубда жанжал кўтарган Валломов қамоққа олинди (видео)
3-саҳифа
−
12 Март
14385Аввалроқ, жорий йилнинг 21 февраль куни Фарғона шаҳар Офтоб кўчасида жойлашган “Верона” номли компьютер ўйинлар клубида содир бўлган жанжал ҳақида хабар берилганди. Мазкур жанжалда қатнашганларга жиноят иши қўзғатилган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Бу ҳақда Фарғона вилоят ИИБ хабар берди.
Маълум бўлишича, 1998 йилда туғилган, Фарғона шаҳар Маърифат кўчасида яшовчи Отабек Бахтиёржон ўғли Валломов 21 февраль куни танишлари: М.Ғ., М.Қ., Н.М., М.О. ва Ҳ.М. билан бир гуруҳ бўлиб, мазкур ўйингоҳда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат жойида бақир-чақир қилиб, жамоа тартибини ва мижозларнинг тинчлигини бузиб, шовқин солган.
Клуб иш юритувчиси Х. уларни тартибга чақирган пайтда жанжал чиқариб, унинг танасининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган. Бундан ташқари, Отабек Валломов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, жанжалнинг олдини олишга уринган М. ва С.га ҳам қаршилик кўрсатиб, уларни ҳам уриб, тан жароҳати етказган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Валломов Отабек Бахтиёржон ўғли ҳамда унинг беш нафар шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси(Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми б, е, к бандлари ҳамда 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми г банди билан жиноят иши қўзғатилган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Якунига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
“Ҳурматли фуқаролар! Агарда сиз ҳам Валломов Отабек Бахтиёржон ўғли ҳамда унинг шерикларидан жабрланган бўлсангиз, 90 270-71-11, 95 023-63-73, 244-02-69, 244-36-22 ҳамда 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беришингиз сўралади. Шахсингиз сир сақланиши таъминланади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида безорилик қилиб, ака-укага тан жароҳати етказган 10 киши қамоққа олинганди.
LiveБарчаси