Фарғонада хотини ва боласини ваҳшийларча ўлдирган эркакка суд ҳукми ўқилди

Жамият 10166
image

Жорий йилнинг 11 май куни Фарғонада ўз аёли ва ўн уч ёшли фарзандини болта дастаси билан шафқатсизларча уриб ўлдирган шахсга нисбатан  ҳукм ўқилди. 

Маълум қилинишича, жиноят Фурқат тумани, Қўқонбой қишлоғида яшовчи Йўлдошевлар хонадонида содир этилган. Воқеадан бир кун аввал эр ва хотин ўртасида зиддият келиб чиққан. Оила бошлиғи рўзғор учун йиғиб қўйган пул маблағидан 500 минг сўмини олиб, дорихонадан дори сотиб олиш учун чиқиб кетаётган вақтида, хотини кеч бўлганда уйдан чиқиб кетаётгани ва кўп миқдорда пул олганига эътироз билдирган. 

Жиноятчининг кўрсатмасига кўра, аёли унинг эркаклик шаънига доғ туширувчи уятли сўзлар билан ҳақорат қилгани учун ғазаби ваҳшиёна тус олган. У хотини ва вояга етмаган фарзандини қасддан ўлдириш мақсадида, яшаётган уйининг ҳовлисида болта дастаси учун мўлжалланган ёғоч билан она-боланинг бош ва бошқа соҳаларига шафқатсизларча кўп маротаба уриб, қасддан ўлдирган. 

Судьянинг маълум қилишича, судланувчи Йўлдошев ўз қўллари билан ўлдирган рафиқаси унинг иккинчи хотини экани, у билан турмуш қурган вақтдан бошлаб, муросага кела олмагани ва шунинг учун ичкиликка ружу қўйганини айтган.

Шунингдек, суд мажлисида, марҳума эрини "ароқ исканжаси”дан қутқараман деб руҳий касалликлар шифохонасига жойлагани, бу оила билан маҳалла фаоллари ва участка инспектори кўп маротаба мулоқот қилгани, аммо судланувчи ҳам, унинг рафиқаси ҳам тўғри хулоса чиқармагани айтилган

Бундан ташқари, эр аёлини енгил табиатлик, бузуқликда айблаб, вояга етмаган фарзандини ўзининг фарзанди эмаслиги гумони остида яшаб келган. Аммо, ҳеч қандай сабаб айбдорни жазодан озод эта олмади.

Таъкидланишича, қотил Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси, иккинчи қисми “а” ва “ж” бандлари билан айбли деб топилиб, суд жабрланувчилар қонуний вакилларининг қонуний чора кўриш ҳақидаги давосини, айбланувчининг айбига қисман иқрор ва пушаймонлигини, муқаддам судланганлик ҳолати тугалланганини инобатга олиб, у айбланаётган моддада назарда тутилган 22 йил узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси руҳий касалликлар клиник шифохонасининг хулосасига кўра, фуқаро Йўлдошевда жиноятни содир этиш пайтида ҳеч қандай руҳий бузилиш белгилари аниқланмаган. У ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англаш ва бошқара олиш қобилиятига эга бўлгани, мажбурий даволаниш чораларига муҳтож бўлмагани аниқланган.

Нозима Назирова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 539
Рейтинг: 3
Теглар
t
×