2024 йил фожиаси. Қариндош-уруғ ва таниш-билиш ўртасидаги қотилликлар
Таҳлил
−
30 Декабрь 2024
5385Ўзбекистон 2023 йилда “Хавфсизлик тушунчалари” (SPI) индексига кўра жаҳондаги энг хавфсиз мамлакат деб эътироф этилганди. Индексда 121 давлатни ўзида жамлаган рўйхат шакллантирилган. Рейтингни шакллантириш учун фуқаролар яшаётган давлатида қанчалик ўзини хавфсиз ҳис қилиши ҳақида глобал сўровнома ўтказилган. Сўровноманинг асосини мамлакатдаги озиқ-овқат, сув танқислиги, зўравонлик даражаси, об-ҳаво шароити, руҳий ҳолат, иш жойидаги хавфсизлик ташкил қилган. Хусусан, Ўзбекистон хавф-хатар даражаси энг кам – 0,072 фоиз билан 1-ўринда қайд этилганди.
Мана 2024 йил ҳам охирлаб қолди. Жорий йил Ўзбекистон учун қизиқарли ва бир вақтнинг ўзида ташвишли воқеалар билан эсда қолди. Айрим воқеалар нафақат шов-шувга, балки чуқур таҳлилга ҳам арзийди. Буларнинг барчасини сарҳисоб қилиш вақти келди чамаси. Бугун биз сиз билан 2024 йилда содир бўлган энг даҳшатли жиноятларни кўриб чиқамиз.
3 ёшли боланинг ваҳшийларча ўлдирилиши
Бу йил содир бўлган энг даҳшатли жиноят бу 3 ёшли гўдакнинг ваҳшийларча ўлдирилиши бўлди. Гап шундаки, 9 июль куни тунги соат 3 лар атрофида Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 31 ёшли эркак ўзи билан бирга қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган аёлнинг биринчи турмушидан туғилган 3 яшар ўғлини оғу таъсирида пичоқлаб, ўлдирган. Бундай қотилликка нима сабаб бўлганини қаранг. Эркак аёлнинг телефонда бошқа бир киши билан гаплашаётганини эшитиб қолиб, жаҳл устида болани пичоқлаб ташлаган. У ўзига тегишли “капалак” йиғма пичоғи билан боланинг онаси хонадоннинг айвон қисмида эканидан фойдаланиб, гўдакнинг танасини устига чиқиб, ваҳшиёна ва ғайриинсоний усулда пичоғининг ўткир тиғли санчувчи қисми билан норасидани онасининг кўз ўнгида чап кўзи, чап қоши, қовоқ, лунж, чакка, бурун ва ўнг пешона соҳаларига бир неча маротаба санчиб, кўз косаси тубини тешиб ўтиб, бош мия ярим шарини жароҳатлаган ҳолда ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган.
29 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида мазкур иш кўриб чиқилди. Прокурор суддан қотилга умрбод қамоқ жазоси беришни сўради.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “ж” бандлари, 25, 97-моддаси 2-қисми “б”, “г”, “ж”, “р” бандлари, 219-моддаси 2-қисми ва 251-1-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шу билан бирга Жиноят кодексининг 50-моддаси 9-қисмига асосан судланувчига тайинланган жазонинг дастлабки 4 йилини турмага қамаш тариқасида ва қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Бир оиланинг 5 аъзосини ўлдирган қариндош
Орадан кўп вақт ўтмай, шу йилнинг июль ойида яна бир қотиллик юз берди. Аммо бу сафар 1 эмас, нақ 3 гўдак ҳаётдан бевақт кўз юмди. Ёдингизда бўлса керак, 26 июль куни соат тонгги 06:19 ларда Тошкент вилояти Янгийўл туманида эркак қариндоши билан орасидаги келишмовчилик сабаб унинг уйини ёқиб юборган эди. Хабарга асосан ФВБнинг Ёнғин қутқарув қисми ўт ўчирувчилари воқеа жойига етиб борган ва келиб чиққан ёнғинни бартараф этган.
Хонадонни кўздан кечириш давомида 1991 йилда туғилган эркак, унинг 1999 йилда туғилган аёли, 2021 ва 2022 йилда туғилган фарзандлари ҳамда 2018 йилда туғилган қиз жиянининг мурдалари турли тан жароҳатлари билан топилган. Бир кундан кейин гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Бу жиноятни содир этган 29 ёшдаги шахснинг айтишича, у ушбу жиноятни қарз сабабли содир этган. 4 ой давом этган тергов ҳаракатлари ниҳоясига етганидан сўнг, иш ҳужжатлари судга юборилиб, жорий йилнинг 15 ноябрь куни биринчи инстанция суд мажлиси бошланди.
Дастлаб Жиноят кодексининг фақатгина 97-моддаси билан айбланган эркакка кейинчалик Жиноят кодексининг шу моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а”, “в”, “ж”, “з”, “и” бандлари, 118-моддаси (Номусга тегиш) 1-қисми, 134-моддаси (Қабрни таҳқирлаш), 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми “в”, “г” бандлари ва 173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган айбловлар қўйилгани маълум бўлди. 28 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида суд мажлиси ўз ниҳоясига етиб, суд ҳукми ўқилди. Судланувчи юқорида саналган моддаларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қотил жазони махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
7 яшар қиз жиянини ўлдирган амма
Яна бир боланинг бевақт ўлимига сабаб бўлган ҳолатни кўриб чиқсак. Шу йилнинг баҳорида Тошкент вилояти Бўка тумани Чўлобод қишлоғида яшовчи амма ўзининг 7 яшар жиянини уриб ўлдирганди. Бекобод тумани Зафар шаҳарчасида яшовчи эр-хотин икки нафар қизини синглисининг қарамоғига ишониб топширган ва Россияга ишлагани кетган. Ота-онаси хорижда ишлаб юрганда, болалар ҳар куни калтак еб, аммаси тарафидан зулм кўрган.
Шундай кунларнинг бирида, 12 март куни соат кечки 01:00 да аёл акасининг 2017 йилда туғилган кичик қизи дарс тайёрламагани ва ёлғон гапирганини важ қилиб, ўта шафқатсизлик билан қўли ва ёғоч бўлаги билан унинг танасининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган. Бу воқеадан кейин шу куннинг ўзидаёқ Бўка тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. 13 март куни аммага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Орадан икки кун ўтиб, 15 март куни туман марказий тиббий бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, қизалоқ жонлантириш бўлимида вафот этди. Боланинг ота-онаси жанозага ҳам етиб келолмади. Шифокорларнинг айтишича, қизча “онамга айтинг, мен уни яхши кўраман, бизни ташлаб Россияга кетмасинлар”, дея жон таслим қилган.
Мазкур иш судда кўриб чиқилди ва 7 ёшли гўдакни ўлдирган аммага 5 йил қамоқ жазоси тайинланди.
Онасини ўлдирган ўғил
Юқоридагилар жигарлар томонидан содир этилган ягона қотиллик эмас, хусусан Сурхондарё вилоятида 27 ёшли ўғил онасидан спиртли ичимлик истеъмол қилиш учун пул сўраган, аммо она пул беришдан бош тортган, оқибатда ўғил маст ҳолатда уйига келиб, онаси билан жанжаллашган ва уни болта билан чопиб ташлаган. Суд мажлисида ўғилга нисбатан нисбатан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Опасини ўлдирган ука
Тасаввур қилинг, укангиз сизга гап қайтарса, қўл кўтарса, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Ҳаёлингиздан нималар ўтади? Ўлдириб қўйса-чи? Бўлиши мумкин эмас, дейсизми! Буни қарангки, худди шу вилоятда, яъни Сурхондарё вилоятида 16 ёшли ўсмир ўзидан икки ёш катта опасини йигитлар билан учрашиб юрганликда айблаб, уни қасддан уриб ўлдирган. Воқеа жорий йилнинг 11 август куни юз берган. Ука опасининг бошига, танасининг турли жойларига таёқ ва металл жисм билан уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда қиз воқеа жойида жон таслим қилган.
Шу куннинг ўзида Музработ туман прокуратураси томонидан укага нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ука жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Ўғлини ўлдирган ота
Юқоридаги сарлавҳа қанчалик даҳшатли ва ачинарли янграяпти? Ҳолатни кўриб чиқсак, жорий йилнинг 1 сентябрь куни Фарғона вилояти Олтиариқ тумани “Тошобод” маҳалласида яшовчи 72 ёшли ота 41 ёшли ўғлини пичоқлаб ўлдирган. Ота-бола аввалига жанжаллашган. Жанжал оқибатида ота яшаш хонадонидан ошхона пичоғини олиб, уни ўғлининг кўкрак қафаси юқори чап томон қисмига нақ юрагига бир маротаба уриб, оғир тан жароҳати етказган. Олган тан жароҳатлари оқибатида ўғил реанимация бўлимида вафот этган.
Воқеа содир бўлгандан бир кун ўтиб, 2 сентябрь куни Олтиариқ тумани прокуратураси томонидан отага нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Темир билан хотини ва қайнонасини уриб ўлдирган эр
Жорий йилнинг 1 август куни Андижон вилоятида эр хотини ва қайнонасини темир билан уриб ўлдирди. Ҳолат эрталаб соат 08:30 ларда Пахтаобод туманида содир бўлган. Шу туманда яшовчи 1983 йилда туғилган эркак оилавий келишмовчилик сабаб аёли ва қайнонаси билан ўзаро жанжаллашиб, иккаласига темир жисм билан тан жароҳати етказган. Олинган тан жароҳатлари оқибатида қайнона воқеа жойида, турмуш ўртоғи эса шифохонада вафот этган. Прокуратура ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатган.
Самарқандда эр хотинини пичоқлаб, ўлдирди. Навоийда хотин эрини заҳарлаб ўлдирди. Куёв оилавий масалага аралашган қайнота-қайнонасини пичоқлаб ўлдирди. Тошкентда эркак аёлини пичоқлаб ўлдирди. Бундай сарлавҳа остидаги қотилликлар деярли кунда-кунора содир бўлади. Барчасини ўрганиб чиқсангиз, деярли сабаби бир, оилавий-маиший келишмовчиликлар.
Хоразмда аёл меҳмонини ўлдириб, ҳовлисига кўмди
Ўзбек халқида меҳмон отангдек улуғ деган нақлни эшитганмисиз? Хоразмда аёл бу нақлга зид равишда уйига келган меҳмонни ўлдириб, ҳовлисига кўмиб юборди.
Ҳа, худди шундай вазият жорий йилнинг 17 апрель куни содир бўлган. Урганч шаҳрининг “Ҳамжиҳатлик” маҳалласида яшовчи 38 ёшли аёл уйига келган таниши билан жанжаллашиб, уни ўлдирган. Аёл ўзига олдиндан таниш бўлган 49 ёшли аёлни қўнғироқ орқали уйига таклиф қилган. Меҳмондорчилик давомида улар ўртасида пул олди-бердиси бўйича низо келиб чиққан. Оқибатда мезбон аёл меҳмонни рўмол билан бўйнидан бўғиб ўлдирган, марҳуманинг мурдасини эса уйининг ҳовлисига чуқур ковлаб, кўмиб юборган. Жорий йилда содир бўлган қотилликларни кўриб чиқар эканмиз, уларнинг кўпи қариндош-уруғлар томонидан содир этилган бегоналар томонидан эмас. Наҳотки бунга сабаб бўлаётган арзимаган сабаблар бутун бир бошли инсонни ўлдиришга арзиса!
Видео бошида Ўзбекистонда зўравонликлар содир этилмагани, хавф-хатарсиз бўлгани учун 2023 йилда дунёдаги энг тинч мамлакат деб топилганини маълум қилгандик. Бу йил-чи? Нима деб ўйлайсиз, юқоридаги қотилликлардан кейин ҳам бу рейтингдаги ўрнин сақланиб тура олармикан. Буни изоҳларда ёзиб қолдиринг. QALAMPIR.UZ’ни кузатишда давом этинг.
LiveБарчаси