Фарғонада қирғиз, тожик, ўзбек вакиллари иштирокида халқаро форум ўтказилди
Жамият
−
22 Апрель 2021
3782Бугун, 22 апрель куни Тожикистоннинг Сўғд раиси Ражаббой Аҳмадзода ва Қирғизистоннинг Баткен вилояти губернатори Омурбек Суваналиев бошчилигидаги делегациялар Фарғона вилоятига ташриф буюрди.
Қўшни давлатлар делегациялари “Чегараолди ҳудудлар интеграциялашуви – ривожланиш гарови” мавзусидаги Фарғона-Баткен-Сўғд халқаро бизнес-форумида иштирок этди.
“Чегараолди ҳудудлар интеграциялашуви – ривожланиш гарови” мавзусидаги халқаро бизнес-форум якунида Хайрулло Бозоров ва Ражаббой Аҳмадзода Фарғона вилояти ва Сўғд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси”ни имзоладилар.
Фарғона ва Сўғд вилоятлари туман ва шаҳарлари ҳам тўғридан тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олишди. Бешариқ тумани ва Конибодом шаҳри, Бувайда тумани ва Гулистон шаҳри, Данғара ва Бобожон Ғофуров туманлари, Ўзбекистон тумани ва Исфара шаҳри, Учкўприк тумани ва Бўстон шаҳри ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Шунингдек, Фарғона тумани ҳамда Баткен вилоятининг Қадамжой тумани ўртасида ҳам ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Вилоятлар раҳбарларининг ўзаро учрашувида Ражаббой Аҳмадзода Сўғд вилоятидан Фарғона водийсига катта миқдорда кўмир етказиб бериб келинганини эслатиб, ҳозирда ҳам сифатли ва арзон кўмир экспорти қилиш имконияти мавжудлигини таъкидлади.
Баткен вилояти губернатори Омурбек Суваналиев, Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси экани Фарғона ва Сўғд вилояти бизнеси учун қўшимча имконият йўлаги эканини қайд этди.