Сўх-Риштон йўли очилди
Жамият
−
01 Апрель 2021
7613Фарғона вилояти Риштон туманидан Сўхга борувчи Қирғизистон орқали ўтувчи йўлнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Эндиликда икки давлатдаги чегара ўтказиш масканлари барча фуқаролар ҳамда енгил автомашиналар ҳаракатланишлари учун очиқ.
“Риштон” божхона чегара постининг очилиши катта шодиёнага айланди. Чегара мажмуасида Қирғизистондан ташриф буюрган меҳмонлар кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Тадбирда сўз олган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Боткен вилояти губернатори Омурбек Сувоналиев ва бошқалар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида бошқа соҳалардаги алоқалар кенгайиб бораётгани, хусусан чегараолди ҳудудларнинг ҳамкорлиги тобора фаоллашаётганини таъкидлашди.
“Бугун икки халқ учун катта шодиёна. Қарийб ўн йилдан буён берк бўлган чегара постларимизнинг очилиши ҳақиқатдан ҳам муҳим воқеадир. Халқларимизнинг дўстлиги абадий бўлсин”, дейди вилоят ҳокими.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев Ўзбекистоннинг анклав ҳудуди Сўх тумани учун Фарғонага йўлак очиб берилмаслиги, Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари музокараларда бу масалани гаплашмаганини айтганди.
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи вақтида “муносабатларимиз тарихида илк бор чегара бўйича ким нима қилиши керак, қачон қилиши кераклиги ҳақида қатъий келишиб олинганини” айтганди.
2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берган.
Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.
Ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён мазкур жиноят ишини кўриш ишлари давом этаётган бўлиб, суд муҳокамаси якунланмоқда.
Фарғона вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими хабарига кўра, "Сўх воқеалари”га оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилиб, ишни кўришда 22 нафар судланувчи, 36 нафар жабрланувчи ва 21 нафар гувоҳлар сўроқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, чегара ҳудудидаги тўқнашув ортидан Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Сўх туманига борганди. У Боткен вилоятида Қирғизистон Бош вазири биринчи ўринбосари (ҳозирда Бош вазир) Кубатбек Боронов билан учрашганди.
LiveБарчаси