Фарғонада давлат ерини 650 минг долларга сотаётган шахс ушланди

3-саҳифа

image

Фарғона вилоятида давлат захирасидаги 2,5 гектар ер майдонини 650 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 100 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Фарғона вилоятида олиб борилган “Тозалаш” комплекс тезкор-профилактик тадбирлари доирасида 86 та жиноий, 853 та маъмурий – жами 939 та ҳолат аниқланган. 98 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 889 нафар шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган. 49 та жиноят фош этилиб, 31 нафар қидирувдаги шахслар ушланган. 1 167 нафар шахс расмий огоҳлантирилган.

Қўлга олинган жиноий гуруҳ ва шахслардан 3 кг 376 гр гиёҳвандлик воситалари, 2 331 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 17 та ноқонуний қурол, 344 дона тиғли буюмлар олиниб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Олиб борилган тадбирлар давомида Риштон туманида яшовчи 1995 йилда туғилган шахс қўлга олинган. У эркаклар кийим дўконига кириб, сотиб олмоқчи бўлган маҳсулотларини насияга беришни талаб қилган. Сотувчи бунга кўнмагач, уни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақоратлаб, қўл-оёқлари билан уриб дўппослаган. Оқибатда дўкон сотувчиси жароҳатланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилган.

Фарғона туманида ўтказилган “назорат остида олиш” тадбири давомида эса махсус харидорга 2 300 АҚШ доллари эвазига 500 грамм гиёҳвандлик моддасини сотаётган шахс қўлга олинган. Унинг яшаш хонадонида кейинчалик сотиш мақсадида сақлаб келинаётган гиёҳвандлик моддаси олиниб, кимёвий экспертизанинг хулосасига кўра, соф оғирлиги 1 кг 470 гр “марихуана” гиёҳвандлик воситаси экани аниқланган.

Олтиариқ туманида олиб борилган тезкор тадбир давомида ноқонуний электр энергиясидан фойдаланиш ҳолатига чек қўйилган. “Қўрғонча” маҳалласи ҳудудида жойлашган боғдорчилик фермер хўжалиги тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ҳолда давлатга 1 млрд 897 млн сўм миқдорда зарар етказгани аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ер ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларини олдини олиш юзасидан Учкўприк туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1968 йилда туғилган шахс қўлга олинган.

У “Кенагас“ маҳалласи ҳудудида жойлашган 90 сотих қисми нотурар ва 1 гектар 60 сотихи давлат захирасида бўлган жами 2,5 гектар ер майдонини 650 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 100 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Билдирилишича, аниқланган ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 5-7 февраль кунлари Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги тузилмалари томонидан Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган “Ориат” ва “Қорадори” кенг кўламли тадбирларида 339 нафар шахсга нисбатан 269 та жиноят иши қўзғатилиб, 119 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилганди ҳамда 53 нафар қидирувдаги шахс ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

жиноят Фарғона Риштон гиёҳвандлик моддаси “Тозалаш” тезкор-профилактик тадбир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг