Фарғонада бозорқўм 100 миллион сўмлик картошкани талон-тарож қилди
Жамият
−
28 Март 2019
9705Фарғона вилояти Олтиариқ туманида бозор раҳбари қиш-баҳор мавсуми учун захира қилинган 103 миллион сўмликдан ортиқ картошка маҳсулотини талон-торож қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, туман деҳқон бозори раҳбари А.Раҳимов бошқа шахслар билан тил бириктириб картошка захирасининг 26 минг 510 килограмм истеъмолга яроқли бўлган қисмини апрель-май ойларида ҳеч қандай ҳужжатсиз “Ниёзхон-Мусахон” деҳқон хўжалиги раҳбари Д.Қосимовга, 8 минг килограммини эса май ойида “Нодира диёр мевалари” корхонаси раҳбарига бериб юбориб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Д.Қосимов бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктириб, гуруҳ бўлгани ҳолда “Деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти қошидаги “Олтиариқ импорт экспорт” унитар корхонасида захира қилинган картошка маҳсулотининг 103 миллион 530 минг сўмлик 34 минг 510 килограммини бозор раҳбари А.Раҳимовдан қабул қилиб олиб, терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсларга сотиб юбориб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Бундан ташқари, суд жараёнида масъул раҳбарларнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганликлари натижасида қиш-баҳор мавсуми учун захира қилинган картошка сифатли сақланмаганлиги ва маълум қисми чириб, истеъмолга яроқсиз бўлиб қолганлиги аниқланди.
Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, А. Раҳимов ва Д.Қосимовларга тегишли жазо тайинланди. Улар томонидан етказилган моддий зарар тўлиқ қопланди.