Фарғона водийсида ҳалокатли зилзила содир бўладими? (видео)
Жамият
−
18:20 2434 3 дақиқа
Аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари, жумладан, Фарғона водийси юқори сейсмик фаоллик зонасида жойлашгани сабаб эҳтимолий зилзилаларга олдиндан тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Орадан кўп ўтмай, ижтимоий тармоқларда Фарғона водийсида яқин вақт ичида кучли зилзила содир бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мазкур хабарларга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти лаборатория мудири Улфат Нурматов муносабат билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланади ва зилзилаларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ер ёриқлари ҳамда уларнинг сейсмик салоҳияти узоқ йиллар чуқур ўрганилган.
“Ваҳимали нарсаларни эътиборга олмаслигимиз керак. Чунки, бизнинг ҳудудимиз сейсмик фаол ҳудуд. Бу ҳудудда зилзилаларни келтириб чиқарадиган ер ёриқлари мавжуд. Уларнинг қандай кучдаги зилзилаларни юзага келтириши чуқур ўрганилган ва шу асосда республика ҳамда қўшни давлатлар ҳудудлари учун максимал сейсмик хавф баҳоланган”, дейди Улфат Нурматов.
Унинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда қурилаётган барча бино ва иншоотлар айнан сейсмик хариталар асосида ишлаб чиқилган лойиҳалар бўйича барпо этилади.
“Йирик шаҳарларнинг сейсмик микротуманлаштириш хариталари тузилган. Қурилиш ташкилотлари лойиҳаларни айнан шу баҳоларга таянган ҳолда ишлаб чиқади. Шу сабабли бино ва иншоотларнинг мустаҳкамлиги амалдаги талабларга жавоб беради, деган фикрдамиз”, деган у.
Нурматовнинг қайд этишича, Фарғона водийсида кузатилган охирги кучли зилзила 2011 йилда Қон ҳудудида содир бўлган.
“Унинг магнитудаси 6,4 бўлган. Шундан кейин 5–5,5 магнитудали зилзилалар кузатилган, бироқ бундай кучдаги зилзилалар доим бўлиб келган ва уларнинг кучи нисбатан паст”, дейди у.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, сейсмик салоҳияти юқори бўлган йирик ер ёриқлари асосан Тожикистоннинг Помир ҳудудлари орқали ўтади.
“У ерда магнитудаси 7 гача бўлган зилзилалар юз бериши мумкин. Аммо бундай зилзилаларнинг Ўзбекистон ҳудудига сейсмик таъсири 8-9 баллга етмайди”, дея қўшимча қилган Нурматов.
Шунингдек, у Афғонистонда тез-тез кузатиладиган чуқур ўчоқли зилзилалар Марказий Осиёда сезилса-да, катта чуқурликда содир бўлгани сабабли кучи ер юзасига чиққунча анча сўнишини таъкидлаган.
Фарғона водийсининг амалдаги сейсмик харитасига тўхталган мутахассис ҳудуднинг асосий қисми 8 балли сейсмик зонага киришини айтган.
“Амалдаги сейсмик хариталарга кўра, кейинги 50 йил ичида мазкур ҳудудда зилзила кучининг 8 баллдан ошиб кетиш эҳтимоли 5 фоизни ташкил этади. Яъни, 8 баллдан ошмаслик эҳтимоли 95 фоиз. Харита айнан шу 95 фоизлик эҳтимол асосида тузилган. Бугунги кунда Фарғона водийсининг 90 фоиздан ортиқ ҳудуди 8 балли сейсмик зонага киради. Фақат Андижон шаҳрининг шарқий қисмидаги айрим кичик ҳудудларда 9 баллгача бўлган силкиниш юзага келиши мумкин. Бироқ бу фақат ер ёриқлари ўзининг максимал сейсмик салоҳиятини намоён қилган тақдирдагина содир бўлиши мумкин. Бунинг эҳтимоли ниҳоятда кам. Шунинг учун аҳолини ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ”, деган Сейсмология институти лаборатория мудири.
Live
Барчаси