“Фарҳод”, “Ўрикзор”, “Қўйлиқ”, “Ипподром”: Тошкентда деярли барча бозорлар сотилади
Жамият
−
30 июл 7622 2 дақиқа
Тошкентдаги деярли барча бозорлар, жумладан “Фарҳод”, “Ўрикзор”, “Қўйлиқ” ва “Ипподром” ҳамда шулар қатори яна 31 та бозор ва савдо комплекси ҳамда уларнинг шохобчалари сотувга қўйилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 279-сонли қарорида белгиланди.
Қарорга мувофиқ, пойтахтдаги жами 35 та бозор ва савдо комплекси ҳамда уларнинг шохобчалари оммавий савдоларга чиқарилади.
Ҳужжатга кўра, сотувга чиқарилаётган объектлар савдоларида “Тошкент инвест компанияси” АЖ буюртмачи сифатида иштирок этади. Компания ҳар бир объект бўйича тайёр бизнес лойиҳасини ишлаб чиқади ва шу асосда улар сотувга қўйилади. Компанияга савдога чиқариш харажатлари ва мазкур сотув жараёнидан тушган маблағнинг 1 фоизи ўтказиб берилади.
Қайд этилишича, бозор ва савдо комплекси ҳамда уларнинг шохобчалари ҳудудида замонавий экобозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари, кўнгилочар мажмуалар ҳамда кўп қаватли автотураргоҳлар барпо этилади. Зарур ҳолларда ушбу объектлар негизида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун бинолар “Тошкент инвест компанияси” АЖга ўтказилиши мумкин.
Сотувга қўйиладиган объектлар орасида “Наврўз” деҳқон бозори, “Чилонзор буюм савдо комплекси”, “Бек тўпи” савдо комплекси, Сергели деҳқон бозори, Сергели автотранспорт ва эҳтиёт қисмлари бозори, “Паркент” универсал савдо комплекси, “Янгиобод” ихтисослашган бозори, “Авиасозлар” деҳқон бозори, “Қора-қамиш” ва “Фарҳод” деҳқон бозорлари, “Ўриқзор” савдо комплекси, “Қўйлиқ” деҳқон бозори, “Бешқўрғон савдо” МЧЖ ҳамда бошқа объектлар ва мазкур бозор шохобчалари мавжуд.
Шунингдек, ҳужжатда келтирилишича, Тошкент шаҳридаги бошқа деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари, ихтисослаштирилган ва буюм бозорлари (савдо комплекслари)нинг шохобчалари ҳамда уларнинг бўш турган майдонлари мастер режалар ва белгиланадиган шартлар асосида баҳоланган қийматда электртон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади.
Live
Барчаси