Фанлар академиясида янги институт ташкил этилди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика институти ташкил этилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Энергетика муаммолари институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

•    республикада энергетика барқарор ривожланишининг келажак стратегиясини ишлаб чиқиш, ўрта ва узоқ истиқболда ёқилги-энергетика комплексининг ривожланиши ва модернизацияси бўйича дастурларни тайёрлашда иштирок этиш;

•    муқобил (ноанъанавий) энергия асосидаги янги технологиялар, энергетик ускуналар ва тизимларнинг республика иқлим шароитларида ресурс кўрсаткичларини ўрганиш мақсадида синовларни амалга ошириш;

•    иқтисодиёт тармоқлари энергия сарфини пасайтириш бўйича комплекс тадқиқотларни ўтказиш ва аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш;

•    энергетика соҳасида рақамли иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, «интеллектуал тармоқлар» назариясини ривожлантириш ва энергетика соҳасига жорий этиш усулларини ишлаб чиқиш;

•    мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш, табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларда ёқилғи-энергетика комплекси объектларининг барқарор фаолиятини таъминлаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш;

•    минтақанинг қўшни давлатлари ўртасида ёқилғи-энергия манбаларидан биргаликда фойдаланиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш;

•    иқдисодиётнинг турли соҳаларида анъанавий, шунингдек, муқобил ва қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш билан боғлиқ фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш;

•    ёқилғи-энергетика ресурсларидан уларни ҳосил қилиш, сақлаш, етказиб бериш ва фойдаланиш босқичларида самарали фойдаланиш усулларининг илмий-техник даражасини ошириш;

•    ёқилғи-энергетика ресурсларини ҳосил қилиш, сақлаш, етказиб бериш ва тақсимлаш таннархини пасайтириш мақсадида замонавий энергетик технологияларни трансфер қилиш ва республика шароитига мослаштиришни асослаш, энергетика соҳасига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

•    мамлакатда энергетик машинасозлик ва электротехника саноати, унга хизмат кўрсатувчи тармоқлар ривожига илмий-техник жиҳатдан кўмаклашиш;

•    соҳадаги хорижий муассасалар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, муваффақиятли тажрибалар ва аниқ инновация моделлардан кенг фойдаланиш, жадал ахборот алмашинувини таъминлаш;

•    соҳада фан ва таълим интеграциясини таъминлаш мақсадида олий таълим ташкилотларининг энергетика йўналишидаги факультет ва кафедралари ўқув дастурлари ва методик қўлланмаларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, талабаларнинг лаборатория ишларини бажариш учун Институт лабораторияларидан фойдаланиш, Институт илмий ходимларининг дарс жараёнларида иштирок этишини таъминлаш орқали юқори малакали кадрларни тайёрлашда, кадрлар малакасини ошириш вақхайта тайёрлашда иштирок этиш;

•    энергетика соҳасидаги илмий йўналишлар ва тегишли ихтисосликлар бўйича илмий даражали кадрларни тайёрлаш.

Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ҳамда Институт номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги илмий ташкилот сифатида давлат буюртмалари ва дастурларини амалга оширишда ҳамда фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб боришда иштирок этади.

Институтга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси уставида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади ҳамда у Фанлар академиясининг тегишли вице-президенти билан келишган ҳолда Институт директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга, жумладан, директорнинг илм-фан бўйича ўринбосари ҳамда директорнинг умумий масалалар бўйича ўринбосарига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президентига, зарурат бўлганда, Институт тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Институт Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Чингиз Айтматов кўчаси 2Б-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институтининг биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши энергетика соҳасидаги илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ушбу соҳада юқори малакали кадрлар даражасини ошириш ва шу орқали мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларига анъанавий ва муқобил энергия манбаларини кенг жорий этиш имконини беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Фанлар академияси

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг