Эверестда рекорд: Бир кунда 274 нафар альпинист чўққига чиқди (видео)
Олам
−
22 Май 1952 2 дақиқа
Непал ҳудуди орқали бир куннинг ўзида рекорд даражадаги 274 нафар альпинист Эверест чўққисини забт этди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, Эверестдаги баҳорги мавсум йирик муз бўлаги кўтарилиш йўлини тўсиб қўйгани сабаб кеч бошланган. Об-ҳаво яхшилангач, юзлаб альпинистлар чўққи сари йўл олган.
Непал туризм департаменти вакили Химлал Гаутамнинг айтишича, кўтарилишлар маҳаллий вақт билан соат 03:00 да бошланиб, 11 соат давом этган.
Бу натижа 2019 йил 22 май куни ўрнатилган аввалги рекордни янгилади. Ўшанда Непал томони орқали 223 нафар альпинист Эверестга чиққан эди.
Жорий йилда баландлиги 8849 метр бўлган Эверестга чиқиш учун қарийб 500 хорижликка рухсатнома берилган. Мутахассислар эса, тоғдаги хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар кучайиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда “ўлим зонаси” деб аталадиган ҳудудда узун навбат ҳосил қилган альпинистларни кўриш мумкин. Бу ҳудуд денгиз сатҳидан 8 минг метрдан юқорида жойлашган бўлиб, аксарият альпинистлар қўшимча кислород ёрдамида ҳаракатланади.
Аввалроқ, тажрибали альпинистлар қаторида янги рекорд эгалари ҳам пайдо бўлганди. 56 ёшли Ками Рита Шерпа Эверест чўққисини 32-марта забт этиб, ўзининг жаҳон рекордини янгилади. “Тоғ маликаси” номи билан танилган Лакпа Шерпа эса, Эверестга 11-марта чиқиб, аёллар орасидаги рекордини янгилади.
Бундан ташқари, икки оёғидан айрилган россиялик Рустам Набиев ҳам протезларсиз фақатгина қўлларининг кучи билан Эверест чўққисига чиқишга муваффақ бўлган.
Бироқ мавсум давомида ҳалокатли ҳодисалар ҳам кузатилмоқда. Непалнинг кам таъминланган далит жамоасидан Эверестни забт этган илк альпинист Бижай Гимире баландлик касаллиги сабаб вафот этган. Шунингдек, 21 ёшли Пхура Шерпа қор устида сирпаниб кетиб ҳалок бўлган бўлса, яна бир гид Лакпа Шерпа база лагерига йўл олаётганида вафот этган.
Live
Барчаси