Ever Given Сувайш канали маъмуриятига қанча товон пули тўламоқчи?

Олам 3906
image

Ever Given контейнер кемаси суғурта қилинган UK P&I Club компанияси Сувайш канали маъмуриятининг (SCA) 916 миллион доллар миқдоридаги товон пули тўғрисида даъвосини асоссиз деб ҳисоблайди. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилган.  

Компаниянинг Ever Given'ни мусодара қилиниши тўғрисидаги қарордан ҳам ҳафсаласи пир бўлган. 

"Сувайш канали маъмуриятининг кемани ҳибсга олиш тўғрисидаги қароридан ҳафсаламиз пир бўлди. Шунингдек, SCA’нинг кема товон пули тўламагунча Мисрда қолади ва унинг экипажи ушбу вақт ичида кемани тарк эта олмайди, деган мулоҳазалари бизни хафа қилди", дейилган хабарда. 

Суғурта компаниясига кўра, канал маъмурияти "ўта катта" товон пули талаб қилаётганини асосламаган. 

UK P&I Club маълумотларига кўра, 300 миллион доллар канал маъмуриятига кемани "қутқарганлиги учун бонус" сифатида, яна 300 миллион доллар эса унинг обрўсига етказилган зарар учун товон пули сифатида тўланиши керак. 

Аввалроқ, Мисрнинг Исмоилия шаҳар иқтисодий масалалар бўйича суди Ever Given контейнер кемасини мусодара қилишга қарор қилгани ҳақида хабар бергандик.  

Маълумот ўрнида, 23 март куни Хитойдан Роттердамга йўл олган Ever Given контейнер кемаси Сувайш каналидаги транспорт ҳаракатини бутунлай тўсиб қўйди. 

Натижада бир неча юзлаб кемалар навбатда тўпланди. 29 март куни кема фарватерга қайтарилди, аммо ноқулай об-ҳаво туфайли у яна тиқилиб қолди. Ўша куни кечқурун эса навигация тўлиқ тикланди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 161
Рейтинг: 3
Теглар
t
×