Эстония ва Финляндия Болтиқ денгизини Россия ҳарбий кемалари учун ёпмоқчи

Олам 3884
image

Финляндия НАТОга қўшилгач, Эстония янги ҳарбий иттифоқчиси билан Фин кўрфази мудофаасини бирлаштирмоқчи. Бу ҳақда Эстония Мудофаа вазири Ханно Певкурнинг “Iltalehti” газетасига маълум қилди.

“Финляндия ва Эстониянинг ракетага қарши мудофаа тизимини бирлаштириш Финляндия кўрфазини Россия ҳарбий кемалари учун ёпиш имконини беради. Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши билан Болтиқ денгизи иттифоқнинг ички денгизига айланади”, дейди Певкур. 

Унинг сўзларига кўра, Эстония ва Финляндия ракеталарининг парвоз масофаси Фин кўрфазининг кенглигидан кўпроқ.

Вазирнинг қайд этишича, томонлар бу ҳақда 11 август куни Певкур Хельсинкида Финляндия Мудофаа вазири Антти Кайкконен билан учрашганида келишиб олган.

Швеция ва Финляндия масаласи

18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия Халқ мудофааси кучлари ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди. 

Жорий йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилишига келишиб олинган. Унга кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берган.

30 июнь куни НАТО саммитидан кейин матбуот анжуманида иштирок этган Эрдўған, Швеция ва Финляндия учун қувонишга ҳали эрталигини, улар шартни бажарсагина, Туркия парламенти Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига оид ҳужжатни ратификация қилишини айтди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3.2
t
×