Эски қонуннинг янгича кўриниши: бизга ССПга мажбурий аъзолик керакми?

Жамият 2432
image

Жорий йилнинг 13 январь куни “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унинг 17-моддасида Палатага аъзолик кичик тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий, бошқа тадбиркорлик субъектлари учун эса мажбурий этиб белгиланмоқда. 

Асос сифатида “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонун (янги таҳрири) қабул қилинганидан кейин Палата аъзолигига йирик корхоналарни жалб қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келди. 827 тадан ортиқ мурожаатлар келиб тушди, уларда йирик корхоналар ҳам хусусий тадбиркорлик субъектлари эканлигини рўкач қилиб, мажбурий аъзолик шартномасини тузишдан бош тортгани билдирилган.

Бу муаммонинг амалиётда келиб чиқишига “хусусий тадбиркорлик” тушунчасига қонунчиликда аниқ таъриф берилмагани ҳамда амалдаги қонунчиликдаги тадбиркорлик субъектларининг турлари таснифида тадбиркорликнинг бундай тури кўрсатилмагани сабаб бўлган.

"Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги қонуннинг 5-моддасига кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари қуйидагилардир:

1) якка тартибдаги тадбиркорлар;
2) микрофирмалар;
3) кичик корхоналар.

Таклиф этилаётган таҳрирда фақатгина қонунда белгиланган мезонларга жавоб берадиган кичик бизнес субъектлари Палатага ихтиёрий равишда аъзо бўлишади, қолганлар учун эса мажбурий аъзолик жорий этилади, деб белгиланган.

Амалдаги аввалги таҳрирда эса мазкур Палатага аъзолик кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий, бошқа тадбиркорлик субъектлари учун эса мажбурийдир дейилганди.

Ҳозирда қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамалари порталида эълон қилинган ва муҳокама 2020 йилнинг 28 январига қадар давом этади.

Зафарбек Солижонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 29
Рейтинг: 2.8
t
×