Эртадан Истанбулда маска тақмаганларга янги жазо кучга киради
Олам
−
21 Июнь 2020
11371Туркиянинг Истанбул шаҳрида эртага, 22 июндан тиббий ниқоб тақмаганларга нисбатан 900 турк лираси ёки 130 АҚШ доллари миқдорида жарима тайинлаш билан боғлиқ қарор кучга киради. Икки кун аввал шаҳарнинг турли ҳудудларида ушбу жазолар фарқли бўлиб келаётган эди. Баъзи ҳудудларда 392 турк лираси (57 АҚШ доллари) бўлса, айрим туманларда жарима миқдори 3150 турк лираси (460 АҚШ доллари)гача чиқди.
Шаҳарнинг 49 туманида ниқоб тақиш бўйича қатъий қарор қабул қилинди. Истанбул маъмурияти очиқ жойларда тиббий ниқоб тақмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик очилишини маълум қилди.
Кеча Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған яна бир бор коронавирс масаласида чиқиш қилиб, халққа мурожаат йўллади. Давлат раҳбари бутун дунёда, жумладан Туркияда касалланиш ҳолати кескин ортиб бораётгани, айниқса, тиббиёт ходимларининг кўп қисми коронавирусга чалиниб вафот этаётганини ташвиш билан тилга олди. У вазият жиддийлигини қайд этаркан, коронавирусга қарши курашдаги навбатдаги омилларни очиқлади.
“Маска, озодалик ва ижтимоий масофа”, дейди овозини баландлатди Эрдўған.
Айни вақтда Туркияда коронавирусга чалинганлар 186 493 кишини ташкил этмоқда. Улардан 158 828 нафари соғайган, 4927 нафари вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 июнь куни Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ўзбекистонликларга мурожаат билан чиққан эди.
LiveБарчаси