Эронлик ядрочи олим қандай қурол ёрдамида ўлдирилгани айтилди

Олам 10554
image

Эрон ядро физиги Муҳсин Фахризода сунъий йўлдош томонидан бошқариладиган қурол билан ўлдирилди. Бу ҳақда “Al-Alam” телеканали маълумотли манбага асосланиб хабар берди.

Телеканал маълумотига кўра, олимни ўлдириш учун ишлатилган қуроллар "Исроилда ишлаб чиқарилган".

Бундан ташқари, Эрон расмийлари Тель-Авивдаги "сионистик режим" олимнинг ҳаётига суиқасд ортида турганлигини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввароқ Эрон Мудофаа вазирлиги ядровий физик Муҳсин Фахризода ўлдирилгани ҳақида хабар берган эди. У Эрон пойтахти яқинидаги Абсард аҳоли пунктида террорчилар ҳужуми қурбони бўлди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Исроилнинг ядрочи олим қотиллигига алоқадорлигини эълон қилганди. У халқаро ҳамжамиятни, хусусан Европа Иттифоқини икки томонлама стандартлар сиёсатига барҳам беришга ва “давлат терроризми” ҳаракатини қоралашга чақирди. 

Кейинчалик, ядрочи олимининг ўлимидан сўнг, Эрон АҚШ ва Исроилни огоҳлантирди. “Эрон ўз халқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, дейилади Ислом Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Мажид Тахт-Раванчининг БМТ Бош котиби ва Хавфсизлик Кенгаши Раисининг номига юборган мактубида.

Эронда олимнинг ўлими муносабати билан 40 кунлик мотам эълон қилинди.

 

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 336
Рейтинг: 2.9
t
×