Эрондаги намойишларда 35 киши ҳалок бўлди

Олам

image

Эронда тўққиз кундан бери давом этаётган кўча намойишларида камида 35 киши ҳалок бўлди, 1200 дан ортиқ одам ҳибсга олинди. Бу ҳақда кеча, 5 январь куни “Human Rights Activists in Iran” хабар берди.

Ташкилот маълумотларига кўра, 28 декабрь куни бошланган норозилик намойишлари мамлакатдаги 31 вилоятнинг 27 тасида, камида 88 шаҳарда бўлиб ўтган. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ёзишича, баъзан Эрон хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши куч ишлатган. 

Бундай ҳаракатлар йирик шаҳарларда, жумладан Машҳад ва Эрон пойтахти Теҳронда норозиликларнинг янги тўлқинини келтириб чиқарган. Намойишларга мамлакат бўйлаб камида 17 та олий ўқув юртининг талабалари қўшилган. ОАВга кўра, бунга жавобан куч тузилмалари университет бинолари ҳудудларида рейдлар ўтказа бошлаган. Умуман олганда, мамлакатда бошланган ушбу норозиликлар 2022 йилдан бери Эрондаги энг йирик оммавий намойишлар бўлди. Ўшанда норозиликларга 22 ёшли Маҳса Аминийнинг “ахлоқ полицияси” томонидан қўлга олинганидан кейин вафот этгани сабаб бўлган эди.

Эрон расмийлари намойишчиларга нисбатан ҳеч қандай муроса бўлмаслигини билдирган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотига кўра, Эрондаги оммавий норозиликлар чоғида ҳалок бўлган 35 кишининг 29 нафари намойишчилар, тўрт нафари болалар, яна икки нафари эса хавфсизлик кучлари ходимлари ҳисобланади.

ОАВ маълумотларига кўра, Кухдешт шаҳрида одамларни тарқатиш учун хавфсизлик кучлари қурол ишлатишга уринган. Бунга жавобан намойишчилар уларга қарата тош отган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Теҳрондаги норозиликлар кучайиб, армия ва хавфсизлик кучлари душман томон ўтиб кетса ёки буйруқларни бажармаса, шаҳарни тарк этиш режасини ишлаб чиққани ҳақида хабар берилганди. Исроил разведкаси вакили Бени Сабтининг айтишича, Оятуллоҳ Москвага қочиши мумкин, чунки борарга бошқа жойи йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон намойиш Теҳрон Машҳад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг