Эронда норозилик намойишларига чиққан эркак ўлимга ҳукм қилинди

Олам

image

Эрон Маҳса Амини ўлими ортидан бутун мамлакатни қамраб олган оммавий норозилик намойишларида иштирок этганликда айбдор деб топилган фуқарога нисбатан ўлим жазосини ижро этди. 

Эрон Адлия тизимига тегишли “Mizan” ахборот агентлигига кўра, Муҳсин Шикарий 20 ноябрь куни Теҳроннинг Сатторхон кўчасидаги намойишлар чоғида фуқароларни пичоқ билан қўрқитгани ва хавфсизлик ходимини яралагани учун Инқилобий суди томонидан ўлимга ҳукм қилинган. 

Судьялар уни ўқотар қурол олиб юриш, йўлни тўсиш, транспортни тўхтатиш, хавфсизлик режимини бузиш, полиция кучлари (Бесич) билан тўқнашув, қўриқчига жароҳат етказиш, қўрқув ва даҳшат уйғотиш каби моддалар бўйича айбдор деб топди. Кейинроқ Эрон Олий суди ҳам ҳукмни тасдиқлади. 

Муҳсин Шикарий Маҳса Аминий ўлимидан сўнг намойишлар муносабати билан қатл этилган биринчи фуқаро бўлди. 

Давлат телевидениесининг 24 сентябрь кунги хабарида айтилишича, зўравонлик ҳаракатларига айланган намойишларда камида 41 киши, жумладан хавфсизлик кучлари ҳалок бўлган. Шу билан бирга, намойишлар пайтида одамларнинг ҳалок бўлгани ҳақида расмий ҳокимиятдан аниқ маълумот олинмаган. Норвегияда жойлашган Эрон Инсон ҳуқуқлари ташкилоти норозилик намойишлари пайтида 458 дан ортиқ одам ўлганини хабар қилди. 

Эрон матбуоти тартибсизликлар чоғида 60 га яқин хавфсизлик кучлари аъзоси ҳалок бўлганини очиқлади. 

Шу кунгача намойишларда қатнашгани учун 11 киши ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Маҳса Амини вафоти ва намойишлар

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.

Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо bermoqda. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.

Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. 

Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.

Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.

Теҳронда Эрон ахлоқ полицияси томонидан Ислом Республикасининг қаттиқ кийиниш қоидаларини бузгани учун ҳибсга олинганидан кейин комага тушиб, вафот этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Маҳса Амини

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг