Эрон ядровий келишувдан чиқмоқчи. Бунинг сабаби маълум бўлди
Олам
−
28 Март 2023
15149Мулоқот ҳамкорлари Қўшма комплекс ҳаракатлар режаси (ҚКҲР ёки ядровий битим) бўйича музокараларга қайтишни кечиктирса, Эрон ядровий келишувдан чиқиши мумкин. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллахон “Al-jazeera” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Эрон парламентига ядровий келишувга қайтиш бўйича музокаралар учун максимал муддат белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди”, дейди у.
ҚКҲР Эрон ядровий дастури бўйича келишув бўлиб, 2015 йил Лозаннада қабул қилинган. Эрон ва бир гуруҳ давлатлар ўртасидаги мазкур сиёсий келишув Эроннинг ядровий дастурига нисбатан 5+1 номи билан танилган. Гуруҳ таркибига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг (БМТ Хавфсизлик Кенгаши) беш нафар доимий аъзоси – Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия киради.
2018 йилда АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШ келишувдан чиқишини эълон қилган ва Эронга қарши қўшимча санкциялар киритган. Бунга жавобан 2019 йилда Эрон келишувнинг икки банди тўхтатилганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 4 март куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА – МАГАТЭ) бош директори Рафаэль Гросси Теҳронда Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллахон билан музокаралар ўтказган эди. Бундан ташқари, Гросси Эрон Атом энергияси ташкилоти раҳбари Муҳаммад Эсламий билан икки раунд музокаралар олиб борган. МАГАТЭ раҳбари ўша куни Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий билан ҳам учрашиб, ташриф давомида ишлаб чиқилган Эрон ва МАГАТЭ ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишни назарда тутувчи қўшма чора-тадбирлардан мамнунлигини билдирганди.
Шунингдек, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Канани Эрон ва Америка Қўшма Штатлари воситачилар орқали Теҳроннинг ядровий дастури бўйича хабар алмашишини маълум қилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь