Эрон ва АҚШ ядровий масалалар бўйича музокара бошлади
Олам
−
06 Март 2023
5039Эрон ва Америка Қўшма Штатлари воситачилар орқали Теҳроннинг ядровий дастури бўйича хабар алмашади. Бу ҳақда бугун, 6 март куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Канани матбуот анжуманида маълум қилди.
“Эрон ва Қўшма Штатлар воситачилар орқали хабар алмашмоқда. Жаноб [МАГАТЭ Бош директори] Гроссининг ташрифи томонларни қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси қоидаларига риоя қилиш учун қайтариш жараёнининг бир қисмидир”, дейди Носир Канани.
Эслатиб ўтамиз, 3-4 март кунлари Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бош директори Рафаель Гросси Теҳронга ташриф буюрганди. У Эрон Атом энергияси ташкилоти раҳбари Муҳаммад Эсламий билан икки раунд музокаралар ўтказган ва Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян билан учрашганди. 4 март куни Гросси Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий билан музокаралар олиб борган. Учрашувда агентлик раҳбари жорий ташриф давомида ишлаб чиқилган, Эрон ва МАГАТЭ ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишни назарда тутувчи қўшма чора-тадбирлардан мамнунлигини билдирганди.