МАГАТЭ раҳбари Эронга келди. Унинг нияти нима?
Олам
−
04 Март 2023
9865Бугун, 4 март куни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА – МАГАТЭ) бош директори Рафаэль Гросси Теҳронда Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллахон билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Эроннинг IRNA агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу учрашув МАГАТЭ бош директори ва Эрон Атом энергияси ташкилоти раҳбари Муҳаммад Эсламий ўртасидаги музокаралардан сўнг бўлиб ўтган. Гросси ва Ташқи ишлар вазири муҳокама қилган мавзулар очиқланмаган.
МАГАТЭ бош директори кеча, 3 март куни кечқурун Теҳронга келган ва Эрон Атом энергияси ташкилоти раҳбари билан икки раунд музокаралар олиб борган. Гроссининг таъкидлашича, мулоқот жиддий, музокаралар муҳити эса ижобий бўлган. Шунингдек, у Теҳронга ишчи ташрифи чоғида Эрон томонининг ҳамкорликка бўлган кайфиятини қайд этган.
Манбага кўра, МАГАТЭ раҳбарининг ташрифидан кўзланган мақсад расмий Теҳрон билан Эрондаги ядровий объектларни текширишда иштирок этадиган МАГАТЭ инспекторлари сонини кўпайтириш масаласини муҳокама қилиш бўлган. Шунингдек, Гросси Эрон Президенти Иброҳим Раисий қабулида бўлиб, Эрон ядровий келишуви бўйича мулоқотни қайта бошлашни муҳокама қилиш режалаштирилган. Бироқ шу пайтгача Гросси ва Раисий ўртасида ўтказилиши мумкин бўлган учрашув ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эроннинг ядровий қудрати юксалаётгани, атиги 12 кун ичида бир ядровий бомба ясай олиши айтилганди. Бу эса кўплаб давлатларни хавотирга солиб қўйганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь