Эрон ядро қуролини тақиқловчи фатвога содиқ қолади – ТИВ
Олам
−
21 Октябрь
3034Эрон олий раҳнамонинг оммавий қирғин қуролларини ишлатишдан воз кечиш сиёсатига содиқ қолмоқда. Бу ҳақда Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби маълум қилди.
“Эрон Ислом Республикасининг сиёсати оммавий қирғин қуролидан фойдаланишни қатъиян рад этишдир. Ушбу позиция Олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий томонидан чиқарилган фатвога асосланган. Эрон ва хорижий матбуотда Теҳроннинг ядровий доктринасини ўзгартириш ҳақидаги мунозаралар бу позицияга таъсир қилмайди ва Эрон мудофаа доктринасининг бир қисми сифатида ушбу сиёсатга амал қилишда давом этади”, дейди ТИВ вакили.
Шунингдек, у, Исроил томонидан бўлаётган эҳтимолий таҳдидлар фонида, яҳудий давлатининг провакацион баёнотларига ишора қилиб, Эроннинг ядровий иншоотларига зарба бериш таҳдиди қабул қилиниши мумкин бўлмаган хатти-ҳаракат экани ва бу халқаро қонунларга зидлигини эслатиб ўтди.
Бундан ташқари, 11 октябрь куни Лаосда бўлиб ўтган Шарқий Осиё саммитидаги матбуот анжуманида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Исроилнинг Эрондаги тинч ядровий объектларига ҳужум қилиш борасидаги таҳдидлари жуда жиддий провокация эканини таъкидлаганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг ракета ҳужумига жавобан, яқин кунларда Ислом Республикаси ҳудудидаги нефть ва бошқа стратегик объектларга ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Шундан сўнг, бир гуруҳ Эрон парламенти аъзолари Олий миллий хавфсизлик кенгашидан мамлакатнинг мудофаа доктринасини қайта кўриб чиқишни талаб қилди.