Эрон ядро дастури асосчиларидан бири ўлдирилди
Олам
−
27 Ноябрь 2020
12156Эроннинг ядро дастурини ишлаб чиққан юқори мартабали ядрочи олим Муҳсин Фахризода Теҳрон яқинида ҳужум қурбони бўлди. Бу ҳақда “Press TV” манбаларига асосланиб хабар берди.
“Tasnim News” агентлиги Фахризода Эрон пойтахти яқинидаги Абсард аҳоли пунктида террорчилар ҳужуми қурбони бўлганини хабар қилди. Таъкидланишича, ҳодиса жойида дастлаб ҳудкуш террорчи ўзини портлатган, кейин бошқалар олимнинг автомобилини ўққа тутган.
Ҳужум натижасида бир неча киши ўлган. Хусусан, ҳужум вақтида олимнинг оила аъзолари ҳам у билан бўлгани тахмин қилиняпти.
Ҳодисанинг қолган тафсилотлари ўрганиляпти. Эрон Мудофаа вазирлиги олимнинг ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
“Бугун террорчилар Мудофаа вазирлиги қошидаги тадқиқотлар ва инновациялар маркази раҳбари Муҳсин Фахризодага ҳужум қилди. Тиббиёт ходимлари уни қутқара олмади”, дейилган хабарда.
Шу билан бирга Эроннинг атом энергияси ташкилоти вакили Беҳруз Камолванди мамлакатда бу соҳада ишловчи барча олимлар тирик эканини маълум қилган.
“Ядро саноатида ишловчи барча олимлар соғлом”, деган у.
ОАВдаги тахминларга кўра, эронлик олимнинг ўлдирилишида Исроил разведкасининг қўли бор. У яҳудийлар давлати Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва “Моссад” (Исроилнинг разведка хизмати) раҳбари Йоси Коэннинг Саудия Арабистонги махфий равишда ташриф буюргани ҳақида хабарлар тарқалганидан бир неча куни ўтиб ҳалок бўлди.
Айни вақтда Эроннинг Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) юқори даражадаги ҳарбий шайлик ҳолатига келтирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 январида Эрон ташқи сиёсатининг "меъмори", минтақада катта обрў ва мавқега эга шахс ИИПКнинг махсус "Ал-Қудс" бўлинмаси генерали Қосим Сулаймоний Бағдод аэропортида АҚШнинг ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилганди.