Нетаньяху ва Моссад раҳбари яширинча Саудияга боргани айтилди. Подшоҳлик буни рад қилди
Олам
−
23 Ноябрь 2020
6760Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху кеча, 22 ноябрь куни махфий равишда Саудия Арабистонига бориб келган. Бу ҳақда “Галей Цахал” газетаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, Нетаньяху Саудияда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео билан учрашган.
“Бош вазир Нетаньяху ва Моссад раҳбари Йоси Коэн кеча Саудия Арабистонида валиаҳд шаҳзода билан учрашди”, дейилади хабарда.
Бош вазир девонхонаси бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортган. Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал ибн Фархан ОАВдаги хабарларга раддия берди.
“Мен Давлат котиби Помпеони кутиб олдим ва Неоми аэропортида кузатиб қўйдим, шунингдек, валиаҳд шаҳзода билан учрашувларида ҳам қатнашдим. У ерда исроилликлар йўқ эди”, деган вазир “Аль-Арабийя” телеканалига.
У Twitter`даги саҳифасида ҳам бундай учрашв бўлмагани ҳақида ёзган. Музокаралар фақатгина Подшоҳлик ва АҚШ вакиллари ўртасида бўлганини айтган.
Аввалроқ, АҚШ Саудия Арабистони ва Исроилни яраштириш ҳаракатиган тушгани ҳақида хабар берган эдик. БАА, Баҳрайн ва Суданни Исроил билан ярашишга кўндирган АҚШ энди Ар-Риёд билан ҳам омадини синаб кўрмоқчи. Бу уч давлатдан Судан ҳозирча расман Исроилни тан олмаган. Аммо томонлар шартлар борасида келишиб олгани хабар қилинган.
LiveБарчаси