Эрон вазирлик биносига қилинган дрон ҳужумини бартараф этди
Олам
−
05 Апрель 2023
9909Эрон Мудофаа вазирлигининг Исфахон вилоятидаги объектига уюштирилган ҳужум муваффақиятсиз якунланди. Бу ҳақда бугун, 5 апрель куни “Tasnim” агентлиги хабар берди.
Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, унинг мажмуаларидан бири бир қанча микро-ҳаво воситалари томонидан ҳужумга учраган, бироқ комплекснинг ҳаво мудофааси ҳужумни муваффақиятли қайтарган. Айтилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг оператив ишлаши туфайли ҳеч қандай зарар кўрилмаган.
Маълумот учун, бу Эрон Мудофаа вазирлиги объектига дронлар ёрдамида ҳужум қилишга биринчи уриниш эмас. Жорий йилнинг 29 январь куни республиканинг марказий қисмида жойлашган Исфахон шаҳрида кучли портлаш содир бўлган эди. Кейинроқ Эрон Мудофаа вазирлиги 28 январь куни вазирлик марказларидан бирига дрон ёрдамида муваффақиятсиз ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берган. Бир аппарат уриб туширилган, қолган иккитаси мудофаа тузоқларига тушиб, портлаб кетган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар бўлмаган, кичик моддий зарар кўрилган.
Бироқ ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳужум ким томонидан уюштирилганига аниқлик киритилмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 мартига ўтар кечаси Қўшма Штатлар Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси назорати остидаги Суриядаги нишонларга бир қатор ҳаво зарбаларини берганди. Ҳужум оқибатида Сурияда жанг қилаётган камида 11 шиа жангчиси ҳалок бўлганди.
LiveБарчаси