Эрон олов ичида: 2 шаҳар намойишчилар қўлига ўтгани айтилмоқда (видео)
Олам
−
07 Январь 11267 3 дақиқа
Эронда риалнинг қадрсизланиши ва санкциялар фонида деярли 50 фоизга етган инфляция билан боғлиқ норозилик намойишлари авж олди. Намойишчилар Маликшоҳи ва Обиданон шаҳарларини эгаллаб олганини даъво қилмоқда. Хусусан, 6 январдан бугун, 7 январга ўтар кечаси Эроннинг Ироқ билан чегарага яқин жойлашган Обиданон шаҳри (Илом вилояти) намойишчилар томонидан тўлиқ назоратга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу ҳақда “Fox News” хабар берди.
Шаҳар амалда “эгаллаб олингани” ҳақида Эрон Миллий қаршилик кенгаши (ЭМҚК) маълум қилган.
“Бугун Эрон ғарбида жойлашган икки шаҳарда муҳим воқеа юз берди: улар амалда намойишчилар назоратига ўтди ва одамлар кўчаларда байрам қилмоқда”, дейди “Fox News”га берган интервьюсида ЭМҚК ташқи ишлар бўйича комиссияси аъзоси Али Сафавий.
Эрон Миллий Инсон ҳуқуқлари кенгаши президенти Марям Ражавий ҳам Х ижтимоий тармоғида пост эълон қилиб, “режим куч тузилмаларини чекинишга мажбур қилган” Маликшоҳи ва Обиданондаги намойишчиларга миннатдорлик билдирган.
Бироқ кейинроқ, Эроннинг “Tasnim” ва “Mehr” ахборот агентликлари Ғарб ОАВларида тарқалган Маликшоҳи округи ва Обиданон шаҳри намойишчилар томонидан эгаллаб олингани ҳақидаги хабарларни рад этди.
“Маликшоҳида бир неча соат давом этган кескин вазиятдан ва қуролланган шахслар билан тўқнашув чоғида хавфсизлик ходимининг ҳалок бўлганидан сўнг, ҳозирда ушбу округда хавфсизлик кучлари мавжудлиги сабабли вазият тўлиқ барқарорлашди”, дейилади “Tasnim” хабарида.
CNN таҳлилчиларининг қайд этишича, ички тартибсизликлар ва кўплаб инқирозлардан азият чекаётган Эрон раҳбарияти эндиликда АҚШ томонидан ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланиши эҳтимоли билан ҳам юзлашмоқда. Бу ҳолат ўтган ёзда Эрон ядровий объектларига зарбалар берилгани ортидан кучайган. Мазкур кескинлашув АҚШ Президенти Доналд Трампнинг ишончи ортгани, шунингдек Венесуэладаги ҳужумдан сўнг бошқа рақибларга нисбатан ҳам таҳдидлар қилгани билан боғланмоқда.
Риалнинг қадрсизланиши, санкциялар ва Исроил билан уруш оқибатлари фонида қарийб 50 фоизга етган инфляция сабаб бошланган норозиликлар Эрондаги ўнлаб шаҳарларни қамраб олди. Бу воқеалар сабаб ўнлаб одамлар ҳалок бўлди ва мингдан ортиқ шахснинг ҳибсга олинди. Ҳокимият кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланмоқда, интернетни чекламоқда ва яшаш минимуми тахминан 266 доллар бўлган шароитда 7 долларлик рамзий нафақа таклиф қилмоқда.
АҚШ Президенти Дональд Трамп бошқа мамлакатларда намойишлар шафқатсиз бостирилган тақдирда ҳарбий куч қўллашга тайёр эканини билдирди. Бу баёнот Теҳронда кескин муносабатга сабаб бўлиб, у ерда уни “бепарво ва масъулиятсиз” деб аташди. Эрон расмийлари кескин жавоб билан таҳдид қилиб, Ғарбни мамлакат иқтисодиётини беқарорлаштиришга уринишда айблади. Сиёсатшунослар вазият назоратдан чиқиб кетиши ва Венесуэла сценарийси бўйича ривожланишидан хавотир билдирмоқда. Шу билан бирга, агар норозиликларни бостириш муваффақиятсиз тугаса, Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийни Москвага эвакуация қилиш режалари борлиги ҳақидаги хабарлар ҳам пайдо бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли – Ризо Паҳлавий бутун мамлакат аҳолисини 8 ва 9 январь соат 20:00 да бир вақтнинг ўзида намойишга чиқишга чақиргани ҳақида хабар берилган эди.