Эрон Хониянинг қандай ўлдирилгани бўйича тергов натижаларини эълон қилди
Олам
−
03 Август
29650ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония оғирлиги тахминан 7 кг бўлган жанговар каллакли қисқа масофага учувчи ўқ билан ўлдирилган. Бу ҳақда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг тергов якунлари бўйича эълон қилинган баёнотида айтилади.
“Тергов маълумотларига кўра, ушбу террористик операция меҳмон уйи ташқарисида кучли портлаш билан бирга оғирлиги тахминан 7 кг бўлган жанговар каллакли қисқа масофали ракетани отиш орқали амалга оширилган”, дейилади хабарда.
Ҳужжатда, шунингдек, Хониянинг ўлдирилиши Исроил томонидан АҚШ ҳукумати кўмагида уюштирилгани қайд этилган.
"Ушбу ҳаракат сионистик режим томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилган, шунингдек, Американинг жиноий ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган. Авантурист ва террорчи сионистик режим бу жинояти учун жавоб беради ва ўз вақтида, тегишли жойда ва муносиб тарзда қаттиқ жазоланади”, дейилади ҳужжатда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Теҳронда Исмоил Хониянинг ўлдирилишида гумон қилинаётган 20 киши ҳибсга олингани хабар қилинганди. Американинг “The New York Times” газетаси Хония икки ой олдин Теҳрондаги қароргоҳида ўрнатилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини даъво қилди. Унинг манбаларига кўра, портловчи қурилма Хония ўз хонасида пайдо бўлганидан кейин масофадан туриб ишга туширилган. Британиянинг “The Daily Telegraph” газетаси эса “Моссад” Эрон хавфсизлик хизмати ходимларини Исмоил Хония истиқомат қилаётган Теҳрондаги меҳмон уйига портловчи мосламаларни жойлаштириш учун ёллаганини ёзди.