Эрон Хоманаий билан видолашмоқда (фоторепортаж)
Олам
−
04 июл 1659 2 дақиқа
Эронда мамлакатнинг собиқ олий раҳбари Али Хоманаийнинг бир неча кун давом этадиган дафн маросими бошланди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Теҳронда юз минглаб одамлар давлат байроғига ўралган тобут олдида мотам тутмоқда. Маросим иштирокчиларининг айримлари Исроил ва АҚШга қарши қасос олишга чақирувчи сўзлар айтган.

“Бизнинг сўзимиз битта! Қасос! Қасос!”, дея бақирган улар.
Баъзилар баннерлар ва байроқларни кўтариб юрган, шаҳар бўйлаб реклама тахталарида эса Хоманаийнинг сурати акс этган.

Хоманаий жорий йилнинг 28 февраль куни Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш бошланган илк дақиқаларда уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида 86 ёшида ҳалок бўлган эди.

Кузатувчиларга кўра, ушбу маросим мамлакатнинг янги олий раҳбари этиб тайинланган Али Хоманаийнинг ўғли Мужтабо Хоманаийнинг сиёсий мавқеини мустаҳкамлаши мумкин.

Дафн маросими давомида Эроннинг бош музокарачиси Франция ва Буюк Британияни Ҳормуз бўғозида қўшма патрул хизматларини йўлга қўйиш эҳтимоли ҳақидаги баёнотлари сабаб огоҳлантирган.

Маросим Теҳрондаги Grand Mosalla мажмуасида ўтказилмоқда. Хоманаийнинг тобути ёнига ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган оила аъзоларининг тобутлари ҳам қўйилган.

Шаҳар бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Маросим иштирокчилари металл детектор ва шахсий кўрикдан ўтказилган, атрофдаги кўчаларда қуролланган полиция навбатчилик қилмоқда. Кўнгиллилар эса ёзнинг иссиқ ҳавоси сабаб мотам тутувчиларга сув ва ичимликлар тарқатмоқда.

Маросимга мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган фуқаролар Хоманаийни сўнгги йўлга кузатиш ва мамлакат раҳбариятини қўллаб-қувватлаш учун йиғилганини айтмоқда.

“Биз дафн маросимида барчамиз мамлакатимиз ва динимизни ҳимоя қилишга содиқ эканлигимизни кўрсатиш учун қатнашдик”, деган Табриз шаҳридан Али Каземи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакат раҳбарияти бир ҳафта давом этадиган оммавий хайрлашув маросимини Ислом Республикасига халқ садоқатини намоён этиш ва инқилобий руҳ сақланиб қолаётганини кўрсатиш имконияти сифатида баҳолаганини ҳақида хабар берилган эди.