Эрон Қувайтдаги аэропортга ҳужум қилди (видео)

Олам

image

Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Қувайт ва Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба берганини маълум қилди. Бу ҳақда “Tasnim” хабар берди.

Қувайт ҳукумати эса ҳужум оқибатида мамлакатдаги халқаро аэропорт нишонга олингани ва жабрланганлар борлигини билдирди.

ОАВнинг хабар беришича, корпус АҚШнинг Қувайт ва Баҳрайндаги ҳарбий объектларига ракета ва дронлар ёрдамида ҳужум уюштирган.

Ташкилот баёнотига кўра, ҳужумларнинг бири АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Бешинчи флоти штабига қаратилган. Эрон томони бу зарбаларни Қешм оролининг жанубида жойлашган нефть танкери ва корпуснинг телекоммуникация минорасига берилган ҳужумларга жавоб сифатида изоҳлаган.

Кейинчалик Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШнинг “Panaya” номли нефть танкерига ҳам зарба берилганини маълум қилган.

“Аввал ҳам огоҳлантирган эдик: агар ҳужум бўлса, жавобимиз бошқача ва янада оғирроқ бўлади. Биз айнан шундай қилдик. Бу жавоблар сабоқ бўлиши керак”, дейилади корпус баёнотида.

Шу билан бирга, АҚШ Марказий қўмондонлиги X ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида Эрон ҳужумлари ўз мақсадига эриша олмаганини таъкидлаган.

“Америка қўшинларига ҳужум қилишга уринган Эрон дронларининг навбатдаги тўлқини белгиланган нишонларга етиб бормади. Марказий қўмондонликнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бир нечта дронни муваффақиятли уриб туширди ва АҚШ ҳарбийлари ҳамда техникасининг хавфсизлигини таъминлади”, дейилади хабарда.

Бироқ, “Anadolu Ajansı” агентлиги Эрон дронлари ҳужуми оқибатида Қувайтдаги аэропорт зарар кўрганини маълум қилган.

Қувайт Мудофаа вазирлиги вакили, полковник Сауд Абдулазиз ал-Атвоннинг айтишича, Қувайт халқаро аэропортининг T1 йўловчи терминали Эроннинг камикадзе дронлари томонидан уюштирилган кенг кўламли ҳужумга учраган.

Унинг сўзларига кўра, терминал биносига жиддий зарар етган, шунингдек, кўплаб одамлар жароҳат олган.

Полковникнинг таъкидлашича, Қувайт Қуролли кучлари вазият ривожини диққат билан кузатмоқда ҳамда мамлакат хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш учун тўлиқ жанговар шай ҳолатда турибди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШнинг Қувайт ва Баҳрайндаги ҳарбий базаларига ракета ва дронлар ёрдамида зарба берганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қувайт Баҳрайн

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг