Эрон Исроилнинг зарбасига жавоб беришга мажбур – Эрон ТИВ
Олам
−
26 Октябрь
12792Исроил томонидан Эроннинг бир нечта ҳарбий марказларига қилинган ҳужум халқаро ҳуқуқ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомини бузди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
“Эрон Ислом Республикасининг ваколатли органлари томонидан бир неча бор таъкидланганидек, Эрон қонуний ҳуқуқи асосида ўзини тажовуз ҳаракатларидан ҳимоя қилишга ҳақли ва мажбурдир. Бу БМТ Низомининг 51-моддасида ҳам акс эттирилган”, дейилади Эрон ТИВ баёнотида.
Шунингдек, ТИВ Исроилнинг минтақадаги ноқонуний ҳаракатларини давом эттириш “Қўшма Штатлар ва бошқа баъзи Ғарб давлатларининг ҳар томонлама ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлаши соясида” давом этаётганини айтди. Бу Эрон ТИВ томонидан минтақадаги кескинлик ва беқарорликнинг асосий сабаби сифатида кўрсатилган.
Эрон, шунингдек, Ғазо ва Ливанга қарши геноцид, уруш ва тажовузни тўхтатиш ва Исроилга қарши халқаро ҳамжамиятни зудлик билан сафарбар қилиш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 26 октябрь куни Исроил кучлари Эронга ҳаво ҳужуми йўллаганди. Исроил Эронга тунги ҳужум пайтида 100 дан ортиқ ракета учирган. Ҳужум бевосита Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Йоав Галант назорати остида ўтган. Исроил Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини “кўр қилиш” учун Суриядаги радарларга дастлабки зарбалар берган. Қўшма Штатлар расмий Теҳронни Исроил томонидан амалга оширилган сўнгги зарбаларга жавоб бермасликка чақирди.
Муҳаммад Ҳодиев