Исроил Эрон ҳарбий объектларига зарба берди (видео)
Олам
−
26 Октябрь
27766Бугун, 26 октябрь саҳар соатларида Исроил мудофаа кучлари Эронга ҳаво ҳужуми йўллади. Бу ҳақда Исроил армияси матбуот хизмати хабар берди.
Исроил Эронга тунги ҳужум пайтида 100 дан ортиқ ракета учирган. Форс мамлакатидаги ҳарбий объектларга берилган зарбалар Эроннинг Исроилга “бир неча ой давом этган тажовузларига жавоб” экани билдирилган.
Ҳужум бевосита Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Йоав Галант назорати остида ўтган.
“The Jerusalem Post” газетасига кўра, Исроил Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини “кўр қилиш” учун Суриядаги радарларга дастлабки зарбалар берган.
Оқ уй Исроил ўзини ҳимоя қилиш мақсадида Эрондаги ҳарбий объектларга зарба бераётганини билдирди ва бу ҳужумларда АҚШнинг қўли йўқлигини иддао қилди.
“Sky News Arabia” нашри эса Россия Исроил ҳужумидан бир неча соат олдин Эронни хабардор қилганини маълум қилди. Унга кўра, Россия Эронга разведка маълумотларини тақдим этган ва шу йўл билан вазиятнинг кескинлашувини камайтиришга ҳаракат қилган.
Маҳаллий форс матбуотининг ёзишича, ракеталарнинг аксарияти пойтахтдан 20-60 км узоқликда ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан тутиб олинган. Теҳрон осмонида тинимсиз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга тушган. Исроил ядровий иншоотлар ёки нефть инфратузилмасига эмас, фақат Эрондаги ҳарбий нишонларга зарба берган.
Ироқ Транспорт вазирлиги мамлакатнинг барча аэропортларида парвозларни тўхтатган. Эрон ҳам ҳаво ҳудудини ёпиб, кейинги огоҳлантиришгача барча рейсларни бекор қилганини эълон қилган.
Йўналтирилган зарбалар оқибатида жароҳатланган ёки ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот мавжуд эмас. Эрон тез орада яҳудий давлатига мутаносиб жавоб беришга тайёрлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон армиясига Исроил билан урушга тайёргарлик кўриш буюрилган эди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь