Эрон армияга Исроил билан урушга тайёргарлик кўришни буюрди – NYT
Олам
−
25 Октябрь
8859Эрон ҳукумати Тель-Авивнинг жавоб ҳужумини кутаётган бир пайтда мамлакат Қуролли кучларига Исроил билан урушга тайёргарлик кўришни буюрди. Бу ҳақда эронлик расмий манбаларга таяниб, “The New York Times” хабар берди.
Нашрга кўра, аслида Теҳрон учун кенг қамровли уруш сценарийси афзал вариант эмас. Шунинг учун, Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳарбийларга Исроил ҳужумига қарши бир нечта ҳаракат режасини ишлаб чиқишни топширган.
Қайд этилишича, ҳар қандай “эроний қасос” кўлами Исроил зарбасининг жиддийлигига боғлиқ бўлади. Манбаларга кўра, агар Тель-Авив ҳужумни бир нечта ҳарбий базалар ва ракета ҳамда дрон омборлари билан чекласа, катта эҳтимол билан Теҳрон ҳеч қандай жавоб бермайди.
Оятуллоҳ буйруғига асосан, Теҳрон Исроилнинг нефть ёки ядровий объектларига ҳужум қилиши ёки юқори мартабали шахсларни ўлдириши каби ҳолатларда энг кучли жавобни беради. Нашр манбаларига кўра, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бу жавобни 1 000 та баллистик ракета отиш, Эроннинг минтақадаги прокси кучлари томонидан ҳужумларни кучайтириш, шунингдек, Форс ва Ҳормуз бўғози орқали глобал энергия оқимлари ва денгиз навигациясини бузиш билан амалга оширади.
“Эрон аслида Исроил билан кенг қамровли уруш олиб боришни хоҳламайди. Биз минтақанинг портлашидан ҳеч қандай фойда кўрмаяпмиз", деди Ислом Республикасига яқин сиёсий таҳлилчи Носир Иймоний.
Унинг сўзларига кўра, Эрон Исроил билан урушни ҳаёт-мамот таҳдиди деб ҳисобламайди. Лекин, узоқ давом этадиган можаро вайронкор бўлишини ва Ғарб билан музокаралар олиб бориш бўйича янги ҳукумат режасини бузишини тушунади.
Маълумот учун, Эрон ва Исроил ўртасидаги можаро 2023 йилнинг октябрь ойида Ғазо секторидаги уруш бошланганидан кейин кескинлашди. Жорий йилнинг апрель ойида Исроил Дамашқдаги Эрон консуллигига ҳужум қилди ва оқибатда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг икки юқори мартабали генерали ҳалок бўлган. Теҳрон бунга жавобан 170 та дрон, 30 дан ортиқ қанотли ва 120 дан ортиқ баллистик ракеталар билан ҳужум қилди. Бироқ Исроил армияси уларнинг 99 фоизини ушлаб қолишга муваффақ бўлган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 31 июль куни кечаси Теҳрондаги қароргоҳда портлаш оқибатида ҲАМАС етакчиси Исмоил Хония ҳалок бўлди. Эрон бунда Исроилни айблади ва жавоб беришга ваъда берди.
Жорий йилнинг 1 октябрь куни Теҳрон Исроилга ракеталар билан ҳужум амалга оширди. Исроил армияси маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб 200 дан ортиқ ракеталар учирилган, уларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган.
LiveБарчаси