Эрон ҳужумини қайтариш Исроилга қанчага тушди?
Олам
−
15 Апрель
22524Эрон дронларининг Исроил иқтисодиётига қилган ҳужуми қиймати 1,35 миллиард долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Исроил Бош штабининг собиқ бошлиғи маслаҳатчиси, бригада генерали Рам Аминаҳга таяниб, “Yedioth Ahronoth” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича,14 апрелга ўтар кечаси Исроилнинг мудофаа харажатлари 4-5 миллиард шекелни (1,08-1,35 миллиард доллар) ташкил этгани тахмин қилинмоқда. Бу рақам фақат Эрон томонидан учирилган ракеталарни уриб тушириш учун сарфланган мудофаа харажатлари эканига эътибор қаратган Аминаҳ ракета зарбаси жойларида ракеталар келтирган зарар бу рақамга киритилмаганини таъкидлади.
У Исроил томонидан ишлаб чиқилган Арроw анти-баллистик ракета тизимининг ҳар бир учирилишининг 3,5 миллион долларга тушганини билдирди ва Эрон дронларини уриб тушириш учун ҳавога кўтарилган самолётларнинг ҳам алоҳида харажати борлигини қайд этди.
Исроил армияси воизи Даниэль Ҳагарий Эроннинг Исроилга қилган ҳужумлари билан боғлиқ матбуот анжуманида Эрондан Исроилга қарата 200 дан ортиқ учувчисиз самолёт ва баллистик ракета учирилганини айтганди.
Эрон ва Исроил зиддиятининг кескинлашуви
1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг 7 нафар аъзоси ҳалок бўлди, улардан икки нафари генерал даражасида эди.
Эрон Исроилнинг консулликка ҳужуми ўз ҳудудига қилинган ҳужум эканини ва у ўч олишини айтди.
Исроил ҳам Эрон ҳужумларига жавоб беришини эълон қилди.
14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди ва баъзи ҳарбий нишонларга зарба берилганини айтди.
Исроил ҳужумларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганини билдирди, бироқ битта ракета мамлакат жанубидаги ҳарбий базага тегди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ CNN телеканали исроиллик расмийга таяниб, Исроил Эрон ҳужумига жавоб бериш ниятида экани, ҳозирда жавоб кўлами аниқланаётганини хабар қилганди.
LiveБарчаси