АҚШ Эронни Исроил зарбаларига жавоб бермасликка чақирди
Олам
−
26 Октябрь
7603Қўшма Штатлар расмий Теҳронни Исроил томонидан амалга оширилган сўнгги зарбаларга жавоб бермасликка чақирди. Бу ҳақда бугун, 26 октябрь куни журналистлар учун ўтказилган брифингда АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти вакили Шон Сэветт маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Исроилнинг Эронга сўнгги зарбаси икки давлат ўртасидаги қарама-қаршиликка барҳам бериши керак.
“Исроил ва Эрон ўртасидаги тўғридан тўғри ҳарбий зарбалар алмашинувига келсак, биз ҳақиқатан ҳам бу можароларни якунлаш керак, деб ҳисоблаймиз”, дея таъкидлаган АҚШ ҳукумати вакили.
“Reuters” ахборот агентлигининг ёзишича, Қўшма Штатлар Исроилга Эроннинг жавоб зарбаларини қайтаришда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
“Айтишим керакки, биз Яқин Шарқ минтақасидаги кўплаб мамлакатлар, жумладан, Эрон билан яқин алоқада бўлган давлатлардан ҳам худди шундай гапларни эшитдик”, дея қўшимча қилган америкалик расмий.
Байден маъмурияти Исроил ўзини ҳимоя қилиш ва Эрон ҳужумига жавоб қайтариш ҳуқуқига эга эканини айтди.
“Агар Эрон яна жавоб қайтаришга қарор қилса, биз дарров шай ҳолатга келамиз ва Эрон учун бунинг оқибатлари жуда ёмон бўлади”, деган АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали вакили.
Маълумот учун, бугун, 26 октябрь куни Исроил кучлари Эронга ҳаво ҳужуми йўллаганди. Исроил Эронга тунги ҳужум пайтида 100 дан ортиқ ракета учирган. Ҳужум бевосита Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Йоав Галант назорати остида ўтган. Исроил Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини “кўр қилиш” учун Суриядаги радарларга дастлабки зарбалар берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The New York Times” Эрон ҳукумати Тель-Авивнинг жавоб ҳужумини кутаётган бир пайтда мамлакат Қуролли кучларига Исроил билан урушга тайёргарлик кўришни буюргани ҳақида ёзганди. Нашрга кўра, аслида Теҳрон учун кенг қамровли уруш сценарийси афзал вариант эмас. Шунинг учун, Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳарбийларга Исроил ҳужумига қарши бир нечта ҳаракат режасини ишлаб чиқишни топширган.
Қайд этилишича, ҳар қандай “эроний қасос” кўлами Исроил зарбасининг жиддийлигига боғлиқ бўлади. Манбаларга кўра, агар Тель-Авив ҳужумни бир нечта ҳарбий базалар ва ракета ҳамда дрон омборлари билан чекласа, катта эҳтимол билан Теҳрон ҳеч қандай жавоб бермайди.
LiveБарчаси