Эрон Исроил ҳаво ҳудуди устидан тўлиқ назорат ўрнатганини эълон қилди
Олам
−
18 Июнь 22778 1 дақиқа
Эроннинг янги Фаттоҳ ракеталаридан фойдаланиши Исроилнинг ракеталарга қарши мудофаа тизимлари уларни аниқлай олмаслигини ва уларни тутиб олишга қодир эмаслигини кўрсатди, шу сабабли Исроил ҳаво ҳудуди Эроннинг тўлиқ назорати остида. Бу ҳақда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси хабар берди.
Унда биринчи авлод Фаттоҳ ракеталари Эроннинг Исроилдаги нишонларга берган сўнгги зарбаларида қўллангани таъкидланади ва “Биз сионистлар армиясининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тугатилиши бошланганига гувоҳ бўлаяпмиз”, дея ёзилган.
“Охирги ракета зарбаси ҳеч қандай шубҳасиз, босиб олинган ҳудудлар осмони тўлиқ бизнинг назоратимиз остида эканини исботлади”, дейилган унда.
Исроилнинг огоҳлантириш тизимига кўра, Эрон кеча тунда Исроилга иккита ракета зарбаси берди ва Исроилнинг марказий қисмидаги ўнлаб шаҳар ва аҳоли пунктларида сигнал билан огоҳлантирилди. Ракеталар қулагани ёки қурбонлар бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эронни “сўзсиз таслим бўлиш” ҳақидаги чақириғидан сўнг, Ислом Республикаси олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Вашингтонга таҳдидлар билан чиқди. Хоманаий Трампнинг талабини рад этди ва Эрон халқига “таҳдидлар тилида гапириб бўлмаслиги”ни таъкидлади.