Эрон гипертовушли ракетани муваффақиятли синовдан ўтказди

Олам

image

Эрон янги гипертовушли ракетани муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда бугун, 29 май куни Эрон Аэрокосмик кучлари қўмондони генерал Амир Али Ҳожизодага таяниб, “Tasnim” хабар берди.  

“Янги гипертовушли ракета муваффақиятли синовдан ўтказилди ва тез орада тақдим этилади. Ушбу ракета душманнинг ракетага қарши мудофаа тизимларини четлаб ўта олади. Бу Эрон ракета фанида муҳим ютуқдир”, дейди Ҳожизода. 

Унинг таъкидлашича, янги ракета соатига камида 14-15 минг километр тезликка эга бўлади, шунингдек, атмосфера ичида ҳам, ташқарисида ҳам манёвр қила олади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 май куни Эрон Мудофаа вазирлиги 2000 км масофага учадиган янги “Хайбар” баллистик ракетасини тақдим этганди. Ракета Хоррамшаҳр туркумидаги энг сўнггиси бўлиб, оғирлиги 1,5 тоннагача бўлган жанговар каллакни кўтара олиши айтилди. Ракетанинг бошқарув тизими атмосферага киргандан сўнг ўчириб қўйилиб, электрон уруш тизимларига қарши иммунитетга эга бўлиши таъкидланди. Ракетанинг тезлиги атмосферадан ташқарида 19600 км/соат ва атмосферада тахминан 9800 км/соатга етди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон синов гипертовушли ракета

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг