Эрон диний раҳбари Раисий учун жаноза намозини ўқиди (видео)

Олам

image

Теҳронда вертолёт ҳалокатида ҳалок бўлган Эрон президенти Иброҳим Раисий, ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абуллоҳиён ва президент делегациясининг бошқа аъзолари учун жаноза намози ўқилди.

Маросимга Эроннинг диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий бошчилик қилди. Хоманаий марҳумлар учун дуо ўқиганидан сўнг, дафн маросими Теҳрон кўчалари бўйлаб Озодий майдони томон ҳаракатланади, у ерда хоҳловчилар президент ва авиаҳалокат қурбонлари билан шахсан хайрлашиш имконига эга бўлади.

Теҳрондан олинган кадрларда Эрон пойтахти кўчалари ҳалок бўлганлар билан хайрлашиш учун келган минглаб одамлар билан тўлганини кўриш мумкин.

Бир неча соатдан кейин президентнинг тобути Эроннинг муқаддас шиа мусулмонлари шаҳри Машҳадга етказилади, Абдуллохиённинг жасади эса Теҳронда қолади. Дафн маросими 23 май куни расмийлар иштирокидаги хайрлашув маросимидан сўнг бўлиб ўтади.

Қайд этиш жоиз, бугун, 22 май куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида Иброҳим Раисий билан видолашув маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади.

Шунингдек, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов ва Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов, Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Туркман халқи миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Тунис Президенти Кайс Саид ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Ироқ Бош вазири Муҳаммад Суданий, Покистон Президенти Асаф Али Зардорий ва Бош вазир Шаҳбоз Шариф, Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан ва вице-президенти Жавдат Йилмаз, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Ҳиндистон Президенти маслаҳатчиси Ягдип Жанкар, Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин, Жазоир парламенти спикери Иброҳим Бугали, "Толибон" муваққат ҳукумати бош вазири ўринбосари Абдулғани Барадар ва ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаги, Шри-Ланка Ташқи ишлар вазири Али Сабри, Қозоғистон Парламент Ассамблеяси спикери Ерлан Кошанов ва Ливан парламенти спикери Набиҳ Бари ҳам видолашув маросимида иштирок этади.

Маълумот учун, 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанднинг айтишича,  ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий президент ва унга ҳамроҳлик қилаётганларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Республика сайлов штабининг матбуот котиби Муҳсин Исломий Эронда муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтишини маълум қилди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди

Эслатиб ўтамиз, 21 май куни Табриз шаҳрида Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган расмийлар билан видолашув маросими бўлиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Иброҳим Раисий Оятуллоҳ Али Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made