Эрксиз медиа, кучли геосиёсий потенциал, Ўзбекистонга ишонаётган ЖБ – Софиа Иботсон билан суҳбат
Интервью
−
06 Июль 2023
9443Ўзбекистонга ичкаридан туриб баҳо бериш ҳар доим ҳам кутилган жавобни олишда, ҳақиқатни юзага чиқаришда етарли бўлмайди. Мавжуд вазият бизга қанчалик чиройли ва муҳташам кўринмасин, асл қийматни англашда ташқи назарлар ҳам муҳим роль ўйнаши табиий. Шу сабабдан, QALAMPIR.UZ одатдагидан фарқли равишда Ўзбекистон ва унинг сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий кўлами ҳақида Жаҳон банки маслаҳатчиси, Ўзбекистон туризм элчиси ва “Туризм фидойиси” кўкрак нишони соҳиби Софиа Иботсон билан суҳбат қурди. Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий лойиҳалари билан бир қаторда унинг Афғонистон билан алоқалари, сўз эркинлиги ҳамда маданий меросига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ушбу интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.
Фирдавс Завқиев, мухбир: — Софиа Ибботсон, сиз ўз LinkedIn саҳифангизда “агар мамлакатда юз бераётган жараёнларни билмоқчи бўлсангиз, аввало, пулга эътибор беринг”, деган фикр қолдиргансиз. Сизнинг бу назариянгиз Ўзбекистонга ҳам тегишлими?
Софиа Иботсон, Жаҳон банки маслаҳатчиси: — Ўйлайманки, иқтисодга назар солиш Ўзбекистондаги вазиятни тушунишнинг энг яхши йўли, чунки инсонлар ҳаётда энг муҳим ҳисоблаган нарсаларигагина пул сарфлайди. Шунинг учун агар сиз ҳукуматнинг ўз олдига қўйган мақсадларини билмоқчи бўлсангиз, аввало, ҳукуматнинг инвестиция киритаётган соҳаларига эьтибор беришингиз керак. Улар таьлимга, соғликни сақлашга эътибор қаратиляптими ёки инфраструктурага инвестиция киритяптими, албатта, бунга эътибор беришингиз керак. Бу саволлар мамлакатдаги хусусий секторга ва хорижий инвесторларга ҳам тегишли. Хўш, улар қайси соҳаларга инвестиция қиляпти? Бу савол инсонларнинг приоритетларини жуда қисқа фурсатда билиб олишга ёрдам беради. Чунки инсонлар одатда аҳамиятсиз ҳисоблаган нарсаларга инвестиция киритмайди.
Ф.З.: — Қорақалпоғистон ҳақидаги китобингиз юзасидан гапира туриб, жуда кўп инсонлар Ўзбекистондаги бу ҳудуд ҳақида ҳатто эшитмагани, билмаслигидан ҳайратланганингизни айтиб ўтгансиз. Нима деб ўйлайсиз, маълум мамлакат ёки унинг ажралмас бир қисми ўз миллийлигини қандай қилиб оммага танита олади? Бу борада Ўзбекистон қандай ташвиқотлар қилиши мумкин? Қолаверса, бугунги кунда Ўзбекистон ўз миллийлиги ҳамда маданиятини дунёга ёйишда амалга ошираётган лойиҳалар қанчалик истиқболли, сизнингча?
С.И.: — Умуман олганда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси, унинг ўзига хосликлари турлича, улар бир хил эмас. Мен бу икки давлат бир-биридан тўлақонлича фарқ қилади, демаяпман. Сабаби, тарихга назар солинса, уларнинг сиёсати, маданияти ва ўтмишида жуда кўп умумийликлар мавжуд. Ўйлашимча, миллий ўзига хослик – бу жуда мураккаб тушунча ва уни ривожлантириш учун кўп вақт талаб этилади. Шунингдек, миллийликни ҳар бир шахс ўзи учун ҳам ривожлантириши керак. Агар ҳукумат миллий ўзига хосликни яратмоқчи бўлса, у ҳақиқатдан йироқ бўлмасин. Чунки инсонлар миллийликда ўз аксини кўра олишлари лозим ҳамда бу ғоя атрофида яшай олишлари ҳам керак. Мисол учун XX асрда совет иттифоқи янги ўзига хосликни яратишга ҳаракат қилди. 1990 йилда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон мустақилликка эришганда янги ҳукумат яна ўзига хосликни яратишга киришди. Аслида, бу бир неча авлодлар билан шаклланувчи нарса, шунингдек, бу узоқ давом этувчи жараёндир. Ушбу муҳитда яшовчи инсонлар ўз қадриятларини ушбу ғояда кўра олсаларгина, бунинг имкони бор. Аксинча бўлса, бу ҳақиқатдан йироқлигича қолаверади. Умид қиламанки, қорақалпоқ халқида ўз миллийлигини шакллантириш учун етарлича имконият бор.
Маданий жиҳатдан уларда миллий ўзликни ифодалаш учун миллий таомлар, рассомчилик, адабиёт, мусиқа, умуман, миллийликни ифода эта олувчи барча омиллар мавжуд. Биз буни аллақачон у ерда Совет иттифоқи музейи ва миллий тарих ва археология музейлари мисолида кўришимиз мумкин. У ерда ҳақиқатан ҳам ўзига хос миллийлик бор. Саёҳат варақалари чоп этиш, фестиваллар ўтказиш ва шу каби лойиҳалар орқали Қорақалпоғистон ўз миллийлигини дунёга олиб чиқа олиши мумкин.
Яна бир жиҳати шундаки, миллийликнинг маркетингги бироз бошқача. Биз уни бошқа маҳсулотлар сингари мисол учун Coca-Cola, машина ва бошқа мануфактура маҳсулотлари сингари сота оламиз. Маҳсулотимизнинг биз хоҳлагандек сотилиши эса, албатта, унинг маркетингги, брендингига ва уни реклама қилишга сарфлаган маблағимизга тўғридан-тўғри боғлиқ. Бу доим ҳам жуда субьектив фикр. Маҳсулотни дунёга чиқармоқчи бўлган тадбиркор, албатта, унинг ўзига хос ва янги жиҳатларини танлайди ва реклама қилади.
Қорақалпоғистон мисолида эса, аминманки, биз оммалаштира оладиган ва дунёга чиқара оладиган жуда кўп ўзига хос нарсалар бор. Келинг, иккита мисолда буни кўриб чиқамиз. Уларда бири – бу Қорақалпоғистоннинг табиатига доир эко-туризм! Орол денгизи ва Қорақалпоғистоннинг бошқа ҳудудлари дуч келаётган табиий муаммолар сабабли, бугун биз пайқай оладиган кўп нарсалар бор. Бундан биз инсон омили ҳамда табиий муҳит ўртасидаги алоқалар ҳақида ҳикоя қилиб, унинг бир қисми сифатида фойдалана оламиз. Фақатгина муаммолар эмас, қилаётган ечимларимиз, ҳудудда яшовчи, хавф остида қолган ҳайвонлар ҳимоясидан тортиб токи саксовулларнинг экилиши сабаб чўлларни яшиллаштиришга уринишимиз ҳам кўринади шунда.
Ушбу ҳолатларни оммага чиқариш орқали биз Қорақалпоғистон атроф-муҳитга қанчалик эътибор бераётганини ҳамда ҳудуд яхши лойиҳалар олиб бораётганини кўрсата оламиз.
Ф.З.: — Биламизки, Ўзбекистонда BBC’га 11 йиллик тақиқдан сўнг, Ўзбекистонда унинг яна қайта фаолият бошлашида ташаббускор шахс бўлгансиз. Ўзбекистон ҳудудида гапира олиш ҳуқуқига эга бўлганларига қарамасдан, бугунги кунда BBC’нинг мамлакатдаги фаолияти қанчалик эркин деб уйлайсиз? Ушбу медиа ташкилот мамлакат сиёсий фаолиятига ва фуқароларнинг ижтимоий фаолиятига қанчалик ўз таъсирини ўтказа оляпти?
С.И.: — BBC ҳар доим журналистиканинг энг йирик бўғинларидан бири ҳисобланган. Инсонлар билан жаҳон медиаси ҳақида гаплашганингизда, улар бошқа медиа ташкилотларига, хусусан маҳаллий телеканалларга ишонишмайдиган жабҳаларда BBC’га ишонч билдиришларига гувоҳ бўласиз. Шу сабабдан унинг халқаро статуси жуда-жуда аҳамиятли. Мен BBC’нинг Ўзбекистонга қайтиши жуда муҳим, деб ўйладим. Албатта, бу ҳукумат танқидга ҳамда медианинг синчков нигоҳига янада очиқ бўлганини англатади. Жумладан, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муҳокама этилаётгани ва гапирилётгани ҳам бир томондан бунга сабаб бўлади. Хусусан, давлатнинг сиёсий, иқтисодий ҳамда дипломатик алоқаларда ҳам ташқи дунёга очилганлиги белгиси. Айтишим мумкинки, BBC бугунги кунда Ўзбекистонда етарли даражада эркин фаолият юрита олмаяпти. Ўзбекистонда BBC-ўзбек хизмати бор, аммо, бошқа хорижий тил хизматлари каби уларда ҳам айрим журналистлар Лондондаги бош офисга қайтиб келди ва ҳозирда BBC муаллифлигидаги бошқа лойиҳаларда фаолият юритяпти. Аминманки, бошқа хорижий нашрлар Ўзбекистонда етарли даражада фаолият юритяпти ва ўзлари хоҳлаган жараёнларни кадрга муҳрлаяпти. Аммо барибир Ўзбекистонда медиа бошқа мамлакатларда бўлганлиги жаби эркин эмас. Баъзи журналистлар, айниқса, маҳаллий журналистларнинг фаолияти анчагина чекланган ва жаримага тортилмоқда. Умид қиламанки, вақт ўтиши билан вазият яхшиланиши мумкин.
Айта оламанки, Ўзбекистон ҳукумати бир неча йилларда бу вазиятни яхшилай олади, хусусан, ҳукумат эркин медиага рухсат бериши керак. Журналистларда ўз фаолиятларини олиб бориш учун хавфсиз имконият яратиш орқали уларни кераксиз вазиятларда жаримага тортмасдан, эркин сиёсий муҳит яратиш керак. Шунингдек, журналистларнинг ўзлари учун ҳам эркин тренингларда иштирок этиш, ўз аудиториясини ривожлантириш, ўзлари хоҳлаган материалларни чоп этиш, эркин интервьюлар қилиш, эркин тадқиқот олиб боришлари учун ҳам бу керак.
Ф.З.: — Ўзбекистон фуқароларининг кўпчилиги ҳукумат фаолияти ҳамда ҳукумат ҳомийлигидаги лойиҳаларга унчалик ишонмаслигини айтади. Бироқ, бугунги кунда Жаҳон банки Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ичида энг катта инвестицияни Ўзбекистонга киритмоқда. Жаҳон банки мамлакат ҳукумати ҳамда у олиб борётган лойиҳаларнинг истиқболига ишонишда қандай факторларга таяняпти?
С.И.: — Ишонаманки, Жаҳон банки ва бошқа факторлар бир-биридан фарқли объективларга эга. Жаҳон банки Ўзбекистоннинг салоҳиятига ишонмоқда. Бироқ Жаҳон банки бу ерда ҳамма нарса мукаммал, деб ўйламайди. Агар мукаммал бўлганда, банк бу каби инвестиция қилмаган бўларди. Худди бошқа ҳамкор давлатлар каби. Банк ва Ўзбекистон ривожланиш учун ҳамкор. Ривожланиш бу давом этувчи жараён ва ўсишни яхшиланишни англатади. Ўйлайманки, банк Ўзбекистонда яхшиланиши керак бўлган жабҳаларни кўрмоқда ва бу банкнинг ҳамкорлиги учун сабаблардан бири. Шунинг учун биз Ўзбекистон тарихида бу жараённи ижобий давр, деб баҳолаяпмиз. Чунки ўтган асрнинг 90-йилларида ва ҳатто 2000-йилларда ҳам халқаро ташкилотлар, хусусан Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ёки Европа тикланиш ва тараққиёт банки учун лойиҳалар қилиш жуда қийин эди. Ҳукумат хорижнинг қамрови учун очиқ эмас ва ривожланиш учун ҳамкорлик йўқ эди. Бугун кўряпмизки, Жаҳон банки давлатга кўп инвестиция киритяпти ҳамда лойиҳаларни қўллаб-қувватлаяпти. Чунки улар ҳукуматни барқарор ҳамкор этиб баҳолашади ва шу сабабдан ижобий ўзгариш қилиш учун улар ҳамкорликда ишлай олади. Бу ҳукумат ёлғиз ўзи ҳамма нарсани қила олиши ёки ҳамкор ташкилот ҳамма нарсани қила олишини ҳам англатмайди. Шунингдек, ҳамкорлик ҳам ҳамма нарса мукаммал даражага чиқишини кафолатламайди. Айтмоқчи бўлганим, ҳамкорликда ишлаш етарли ўзгариш қилиш учун яхши имконият беради. Хусусан, соғликни сақлаш соҳаси, инфратузилмани яхшилаш ҳамда етарли яшаш имкониятларини яратиш учун.
Бугунги лойиҳаларда мен ёқтирган нарса шуки, бу жараён узоқ муддатли. Булар шунчаки 20 ойда тугалланадиган ишлар ва биз тез фурсатда тарк этадиган лойиҳалар эмас. Ўзаро ҳамкорлик 5, 10, 20 йиллик ва шунга ўхшаш узоқ муддатли лойиҳаларни таклиф қилади ва бу узоқ муддатли ривожланиш ҳамда ўсиш дегани. Қачонки биз электр тизими ёки оналардаги ахлоқий кўникмаларни ривожлантириш каби исталган бирон лойиҳани амалга оширишнинг уддасидан чиқа олганимизда, орқага қараймиз ва биз буни узоқ муддатли ҳамкорликда қилдик дея оламиз. Аслини, олганда бу жараён мамлакатда аллақачон юз бермоқда. Бугун мен кўраётган воқеаларнинг жуда кўпи биз 10 йил олдин кузатганимиздан кўра жуда фарқли. Бу биз ҳаммасини тўғри қилганимизни англатмайди, албатта, баьзида хатолар қилдик, чунки дунё ўзгаряпти. Масалан биз COVID-19 юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни башорат қилмагандик ёки Афғонистонда “Толибон” ҳаракатининг қайтиши ва ҳукумат қулашини тахмин қилмагандик. Умуман, биз келажак ҳақида аниқ айта олмайдиган жуда кўп нарсалар бор. Аммо мамлакатдаги ҳукумат хусусий сектор ҳамда халқаро ҳамкорлар билан амалга оширилган ишлар, албатта, ижобий таъсирга эга бўлади. Ва мамлакатда ўсишга хизмат қилади.
Ф.З.: — Биламизки, Ўзбекистон қадимда буюк ипак йўлининг юраги ҳисобланган. Бугунги кунда биз мамлакатни ипак йўли давлатларининг юраги, деб айта оламизми? Бугунги кунда ушбу давлатлар, қадимий буюк ипак йўли давлатларининг сиёсий, маданий ҳамда иқтисодий алоқаларида Ўзбекистоннинг роли қанчалик муҳим?
С.И.: — Ўзбекистон ўз географик позициясини сақлаб қолган. Ва у ҳар доим шарқдан ғарбга нисбат берганда ёки шимолдан жанубга ипак йўлининг физикал юраги бўлиб қолади. Ўзбекистоннинг жойлашувида, географиясида, логистика ва транспорт тизимида жуда кучли позицияси мавжуд. Шу сабабдан у жуда кенг таъсир доирада роль ўйнай олиш потенциалига эга. Ўзбекистон халқаро муҳокамаларда ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга бўляпти. Мисол учун икки вазиятни олайлик, бири Ўзбекистон “Толибон” билан бўлган муҳокамаларда фаол иштирок этяпти ва Афғонистоннинг хавфсизлик тизимини яхшилашда муҳим роль ўйнамоқда. Бир неча йиллар олдин Ўзбекистон бу каби суҳбатларда иштирок этмасди. Бу борадаги суҳбатлар ва муҳокамалар Афғонистондан жуда узоқда Вашингтон ва шу каби шаҳарларда бўлиб ўтарди. Ўзбекистоннинг Афғонистонга бераётган эътибори сабабли бугун мамлакатда асосий эътибор марказида Афғонистон бўлган конференциялар ҳамда суҳбатлар бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, логистика соҳасида ҳам Ўзбекистон жуда кўп лойиҳаларга бош бўлмоқда. Масалан, трансафғон темир йўли ҳамда Ўзбекистон ва унга қўшни давлатларни жанубий Осиёга, Форс корфазига ҳамда Хитойга боғловчи транспорт коридорларини яхшилашда фаол иштирок этмоқда. Бу фақатгина йўл ва темирйўл тизимига инвестиция киритиш эмас, балки, чегараларни кесиб ўтувчи лойиҳаларга ҳам инвестиция киритиш, ўсиш ва тизимни яхшилашни, иқтисодни молиялаштиришни ангатади. Ўзбекистон бу борада жуда самарадор ишлаяпти. Ҳукумат ўз қулай географик жойлашувидан фақатгина экспорт ва импорт қилувчи ёки мамлакатларни ўзаро боғловчи транзит мамлакат сифатида эмас, ўз иқтисодий ва сиёсий позициясини оширишда ҳам фойдаланмоқда.
Ф.З.: — Нима деб уйлайсиз, маҳаллий аҳолининг анъанавий қарашлари ҳамда миллатнинг менталитети мамлакат ривожланишида ўз таъсирини ўтказа оладими? Агар жавобингиз “ҳа” бўлса, ўзбек менталитети ҳамда ўзбекларга хос қадриятлар мамлакат ривожланишида қанчалик роль ўйнаяпти?
С.И.: — Тўғрисини айтганда, нафақат Ўзбекистонда, балки исталган мамлакатда ҳам авлоддан авлодга ўтувчи менталитет мавжуд бўла олади, деб уйламайман. Масалан, агар сиз Тошкентдаги ёш университет битирувчиси, Фарғонадаги кекса ёшли аёл билан ёки Қорақалпоғистондаги кон қазувчи ёки газ соҳасидаги инженер билан гаплашсангиз, уларнинг ҳар бирида турли хил қарашлар ва ўзига хос қадриятлар борлигига гувоҳ бўласиз. Шу сабабдан Ўзбекистон учун ягона қадрият ва менталитет бор, деб айтиш тўғри бўлмайди. Маълум маънода бу ёрдам бермайди. Аҳамиятлиси, ҳудудда барчага хос умумий қарашларни ва қадриятларни аниқлаш ҳамда улар инсонлар ҳаётида акс этиши учун сиёсий муҳит яратишда, шунингдек, кўпчиликнинг фикрига қўшилмайдиган озчиликдан иборат фикр эгалари учун ҳам имкон берилиши керак. Сабаби кўпчилик қўллаб-қувватлаган ғоялар ҳар доим ҳам тўғри бўлмаслиги мумкин. Улар кам сонли этник қатлам ёки бошқача фикрли сиёсий гуруҳ вакиллари ёки бошқа диний эътиқодга эга фуқаролар ҳам бўлиши мумкин. Умуман олганда, улар ким бўлишидан қатъи назар, биз ҳар бир киши учун эркинлик беришимиз керак ва уларни тинглашимиз лозим. Шу билан бирга, биз ҳар доим кўпчиликнинг фикрига кўра қадам ташламаслигимиз ҳам керак. Шу сабабдан ҳар ким ўз фикрини айта оладиган эркин платформа яратиш лозим. Ўзаро эркин фикр алмашиш орқалигина биз маълум бир муаммога ечим топа олишимиз мумкин.
Фирдавс Завқиев
LiveБарчаси