“Эркак ўқитувчи жазосиз қолмайди”. Сурхондарёдаги ҳолатни вазир Умарова назоратига олди (видео)
Жамият
−
18 Апрель 2023
17098Аввал хабар берганимиздек, Сурхондарё вилоятида эркак ўқитувчи бир нечта аёл ўқитувчига зўрлик ишлатиб, уларни калтаклаган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова муносабат билдириб, ўзининг шахсий Telegram саҳифасига видео жойлади.
“Сурхондарё вилояти Узун туманида бўлиб ўтган бундай ҳолатни кўриб, тўғриси, ўзим жуда даҳшатга тушдим. Ҳурматли юртбошимиз томонидан устозларга, аёлларга бўлган эътибор ошаётган бир пайтда устозларимиз, зиёлилар қатламида бундай ишлар бўлаётгани ва бир-бирига қўл кўтариш ҳолатларининг кузатилиши бу жуда ачинарли”, деган вазир видеода.
Шунингдек, вазир Умарова айни пайтда эркак ўқитувчи ҳуқуқ тартибот органлари томонидан назоратга олингани ва жазосиз қолмаслигини айтиб ўтди.
“Эркак ўқитувчимиз ҳуқуқ тартибот органлари томонидан назоратга олинган ва жазосиз қолмайди. Икки нафар аёлларимиз эса ҳозирда шифохонада. Улар вазирлик назоратида ва шахсан ўзим назорат қиляпман”, дея маълумотлар билан бўлишди вазир.
Ҳилола Умарова ўзининг видеомурожаатини тамомлар экан, ўқитувчилар учун бу ҳолатга тушиш уят эканини айтди.
“Ҳурматли устозлар, педагоглар, зиёлилар бизнинг бундай ҳолатга тушишимиз жуда ачинарли ва уятли. Бизнинг миллатимиз, элатимизда аждодлар қони оқмоқда. Бундай ҳолатларга биз йўл қўймаслигимиз зарур”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура маълумотларига кўра, айни пайтда аёл ўқитувчиларга куч ишлатганликда айбланаётган 34 ёшли эркак ўқитувчига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
LiveБарчаси