Эри калтаклаб, таҳқирлаган аёлга уй берилади
Жамият
−
11 Сентябрь 2020
9907Самарқандда 8 йиллик турмуши давомида эри томонидан мунтазам таҳқирланиб келган аёлга вилоят ҳокимлиги томонидан 2 хоналик уй берилади. Бу ҳақда кеча, 10 сентябрь куни Самарқанд шаҳар ИИБда ўтказилган брифингда маълум қилинган.
“Самарқанд шаҳрида яшовчи бу қизимиз ва унинг фарзандлари вилоят ҳокимлиги ва бошқармамиз ҳимоясига олиниб, унга зарур тиббий-ижтимоий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Оиладаги вазиятни ўргандик, Мустаҳкам фикрларини эшитдик, у билан деярли ҳар куни суҳбатлашяпмиз. Ҳозирда бу оилани сақлаб қолиш ёки уларни яраштириш ҳақида ўйлаганимиз йўқ. Чунки, мавжуд вазият бунга имкон бермайди”, Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сайёра Жумаева маълум қилди.
ЎзАнинг ёзишича, вилоят ҳокимлиги унга икки хонали уй ажратмоқчи. Саломатлиги яхшиланганидан кейин Мустаҳкамни иш билан таъминлаш чораси кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 август куни ижтимоий тармоқларда самарқандлик 35 яшар Ш. ўзи яшаётган хонадонида турмуш ўртоғи Мустаҳкамни аёвсиз калтаклаётгани акс этган видео тарқалди. Орадан кўп ўтмай, у Тошкентда қўлга олинди.
Aёлни калтаклаган эркакка Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу орада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ушбу ишни тўлиқ назоратига олганини маълум қилди.
1995 йилда туғилган Мустаҳкам турмуш ўртоғи 1985 йилда туғилган Ш. билан 2012 йилда шаръий никоҳдан, 2015 йилда ФХДЁ бўлимидан қонуний никоҳдан ўтиб яшаб келган. Уларнинг икки фарзанди бор. М. Суҳбатда 16 ёшида турмуш қургани, фарзандларининг келажаги учун турмуш ўртоғи билан ажрашмай яшаб келаётганини айтади.
LiveБарчаси