Эрдўғандан қўрқинчли огоҳлантириш: қатл этилиши мумкин

Олам 32626
image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қасддан ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарганлик учун жазо чораларини кучайтириш ғоясини қўллаб-қувватлади. Президент бу ҳақда гапираркан, ишни, ҳатто, ўлим жазосигача олиб бориш мумкинлигига шаъма қилди. 

Бир неча кундан буён ўрмон ёнғинлари давом этаётган Муғла вилоятининг жануби-ғарбий қисми – Мармарисда журналистлар билан суҳбатда давлат раҳбари сайёҳлик ҳудудида содир бўлган ёнғинлар натижасида ҳеч ким жабрланмагани ва бедарак йўқолмаганидан мамнунлигини билдирди.  

“Ёнғин зонасига туташ аҳоли пунктларидан 435 киши эвакуация қилинди”,  деди Туркия раҳбари. 

Унга кўра, ёнғинларни ўчиришга 15 самолёт ва 46 вертолёт жалб қилинган. 

Президент Даламан, Фетҳие, Кейчегиз ва Сейдикемер вилоятларида ўрмон ёнғинлари назоратга олинганини маълум қилди. 

Туркия Президенти ўрмон ёнғинларини уюштирганлик учун жазо масаласига тўхталиб, бундай қилмишлар учун жазони кучайтириш ғоясини қўллаб-қувватлашини билдирди. 

“Жазолар, жумладан, қатл қилиш борасида турли фикрлар билдирилмоқда. Менимча, бу масалани муҳокама қилишга арзийди”, дейди Эрдўған. 

У сўзида давом этиб, Султон Меҳмет Фотиҳнинг гапларидан иқтибос келтириб, шундай деди: 

“Султон Фотиҳ нима деганди? Ўрмондан бир дарахтни кесганнинг бошини оламан. Бу иш шу қадар аҳамиятли... Ўрмонларни ёқишяпти. Фақат ўрмонлар ёняптими, йўқ, ҳашоратлар, ҳайвонлар ҳам аланга ичида қоляпти”.

Маълумот учун, Мармарис ҳудудидаги ёнғин 21 июнь куни кечқурун бошланди. Прокуратура маълумотларига кўра, ёнғин натижасида курорт ҳудудининг 300-400 гектар майдондаги игнабаргли ўрмонлари зарар кўрган. Ўрмон бориш қийин бўлган жойларда ёнмоқда, шунинг учун ёнғинни ўчиришда асосий эътибор авиацияга қаратилган.

Ёнғинга яқин ҳудудда истиқомат қилган 103 оила ва шу атрофда ишлаган 274 киши зарар кўрмаслиги учун эвакуация қилинган. 

Кеча, 23 июнь куни ўрмонга ўт қўйганликда гумон қилинган шахс қўлга олинди. Туркия Ички ишлар вазир Сулаймон Сойлу берган маълумотга кўра, С.А. исмли шахс қўлга олинган гумонланувчи Туркия жанубидаги Мармарис курорти яқинидаги ўрмонга қасддан ўт қўйганини тан олган. Сойлуга кўра, гумонланувчининг ўрмонни ёқиб юборишига яқинда тарихда ушбу ҳудуд бўйича тижорий можаросига учрагани сабаб бўлган. У аввал ўрмонни ёқиб юборган, кейин эса ўзини ўлдирмоқчи бўлган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 384
Рейтинг: 3
t
×