Эрдўған Жонсонга Финляндия ва Швеция билан қандай муаммоси борлигини айтди
Олам
−
21 Май 2022
7331Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Туркия Президенти маъмуриятининг алоқа бўлими хабарида айтилади.
Мулоқот чоғида Швеция ва Финляндиянинг НАТО аъзолик учун аризалари ва минтақавий ўзгаришлар, жумладан, Украина ва Россия ўртасидаги уруш муҳокама қилинган.
Президент Эрдўған, Швеция ва Финляндиянинг террор ташкилоти PKK/YPG назоратидаги тузилмалар ва шахслар билан алоқалари катта муаммо эканини айтган.
Туркия Президентининг таъкидлашича, Анқара Финляндия ва Швеция НАТО қадриятларини қўллаб-қувватлашига ва мамлакатнинг қонуний манфаатлари ҳисобга олинишига ишонч ҳосил қилиши керак.
Президент Эрдўған, шунингдек, Туркия жамоатчилигининг терроризмни қўллаб-қувватловчи мамлакатларнинг НАТОга аъзолик аризасига нисбатан адолатли муносабатини эътиборсиз қолдириб бўлмаслигига эътибор қаратган.
Лидерлар икки томонлама Туркия-Британия муносабатларининг ҳолати ҳақида ҳам фикр алмашган.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.
18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.