Эрдўған яна уруш тарафдорими? У Қорабоғдаги вайроналар учун ҳисоб сўраяпти

Олам

image

Озарбайжон тупроқларининг 30 йил давомида мустамлака остида ушлаб келиниши ва ҳудудлар вайрон этилишига, шунчаки кўз юмиб бўлмайди. Булар учун, албатта, ҳисоб сўраш, бадал олиш шарт. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 10 декабрь куни Баку шаҳрида бўлиб ўтган Ғалаба парадидаги нутқида сўз очди. 

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 9 декабрь куни рафиқаси – Биринчи хоним Эмина Эрдўған билан Озарбайжонга ташриф буюрган Президент “Бир миллат, икки давлат” шиори остидаги Ғалаба парадида қатнашди. Унда Туркия байроғини хилпиратиб, мамлакат ҳарбийлари ҳам чиқиш қилди. Маросим ўтказилган ҳудудга ҳам Озарбайжон ва Туркия байроқлари жойлаштирилди. 

Тадбирда сўз олган Эрдўған яна бир бор Озарбайжон халқини тарихий ғалаба билан қутлаб, шаҳидларнинг оиласига ҳамдардлик билдирди, жароҳатланганларга соғлик тилади. 

“Мустафо Камол Отатурк таъбири билан айтганда, биз Озарбайжоннинг қайғусини ўз қайғумиз, севинчини ўз севинчимиз, шу нуқтаи назардан Қорабоғни кўксимиздаги яра деб билдик. 

Озарбайжоннинг ўз ерларини ишғолдан озод қилиши курашнинг тугаганини англатмайди. Бугунга қадар сиёсий ва ҳарбий соҳада бўлган ўзаро кураш, энди бошқа йўналишларда давом этади. 

30 йил ичида бу ҳудудларнинг вайронага айланганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Қардошим Илҳом Алиевнинг айтганидек, Фузули шаҳри ишғолдан озод қилингач, у ерда Озарбайжон бағроғини илиш учун бирорта ҳам бус-бутун бино топилмади. Барча шаҳарлар, қишлоқлар тор-мор этилиб, қабристонлар оёқости, масжид ва миноралар ҳам вайрон қилинган эди. Арманлар ҳамма нарсани йўқ қилганлари каби, тарихни,  маданий ва табиий бойликларни ҳам талон-торож қилди. Буларнинг барчаси учун улар жавоб бериши, ҳисоб сўралиши керак”, дейди Эрдўған икки мамлакат номидан. 

Эрдўғаннинг фикрича, Қорабоғда йиллар давомида уруш қоидалари жиддий равишда бузилди ва инсон қадр-қиммати поймол қилинди. Бунга нисбатан жим қараб турганларнинг кўзи ҳам, виждони ҳам сўқир эди. 

“Тоғли Қорабоғга вайронагарчилик, қирғин ва кўз ёшларидан бошқа ҳеч нарса келтирмайдиганлар энди ақлларини йиғишлари керак. 

Арманистон раҳбарияти Озарбайжон ерларини мустамлакада ушлаб туриш учун халқнинг бойлигини сарфлади. Аммо бу ресурслар маъносиз мудофаа линиялари, қурол-яроғ, қолаверса, нафрат ва қонга тўла кўзлар соҳиби бўлган қобилиятсиз ҳукмдорларнинг амбицияларига сарфланмаганда эди, бугунги манзара жуда бошқача бўларди. Умид қиламизки, Арманистон сиёсатчилари буни жуда яхши таҳлил қилиб, келажакни тинчлик ва барқарорлик асосида қуриш учун дадил қадамлар ташлашади. Шунингдек, биз Арманистон халқининг ўтмиш ёлғонлари билан тасалли бериб, уларни қашшоқликка маҳкум этган диаспора асирлигидан халос бўлишига умид қиламиз”, дейди Туркия раҳбари. 

Жорий йилнинг 27 сентябридан 9 ноябригача қарийб 44 кун давомида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида давом этган урушда озар тарафининг энг муҳим дастакчиси шубҳасиз Туркия бўлди. Бу ҳақда Президент Илҳом Алиев ўз чиқишларида бир неча бор сўз очди. 27 сентябрнинг ўзидаёқ кўплаб мамлакатлар ўт очишни тўхтатиш, икки мамлакатни муаммони ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида ҳал этишга чақирган бир пайтда, Туркия очиқчасига уруш энг тўғри йўл эканини айтиб чиқди. Энди эса Эрдўған икки мамлакат ўртасида яхши қўшничилик алоқалари тикланишидан умид қилмоқда. Унинг тавсияси нутқидан қуйидагича ўрин олди:

“Кўриниб турибдики, Ғарб империалистларининг гиж-гижлаши билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди ва муносабатларни душманлик ўрнига яхши қўшничилик асосида қайта кўриб чиқиш керак. Агар Арманистон аҳолиси Қорабоғда содир бўлган воқеадан сабоқ олса, бу минтақада янги даврнинг бошланиши бўлади”. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди.

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади. 

Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.

Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди

Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, РТКнинг Тоғли Қорабоғда бўлиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

143

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг