Эрдўған учун оғир йўқотиш: Истанбул бой берилди!

Олам

image

Аввалроқ, бугун, 23 июнь куни Туркияда Истанбул шаҳри раҳбарлиги учун сайлов бўлиб ўтаётгани, унда 16 миллионлик истанбулликлардан 10 миллиондан ошиғи овоз бериши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Истанбулда бугун эрталаб бошланган сайлов натижалари эълон қилинишига оз қолди. Шаҳар бўйлаб 31342 сайлов пунктида овоз берилди ва ҳозиргача сандиқлардан 99,37%и очилди.

Норасмий натижалар эълон қилинди. Унга кўра, сайловда "Республика халқ" партияси номзоди Экрем Имомўғлу юқори овоз тўплаган. Маълумки, сайловда "Адолат ва тараққиёт" партиясидан Бинали Йилдирим, "Республика халқ" партиясидан Экрем Имомўғлу, "Саодат" партиясидан Неждет Кўкчинор, "Ватан" партиясидан Мустафо Илкер Южел, "Кўплик" демократик партиясидан Дўған Туман куч синашмоқда.

Дастлабки натижаларга кўра, "Республика халқ" партияси Экрем Имомўғлу 54,03%, "Адолат ва тараққиёт" партиясидан Бинали Йилдирим 45,09% овоз тўплаган.

Маълумки, Истанбул раҳбарлиги учун сайлов жорий йилнинг 31 март куни бўлиб ўтган эди. Унда 48,77% овоз билан Экрем Имомўғлу 48,60% овоз тўплаган Бинали Йилдирим устидан ғолиб бўлган эди. Орадан 18 кун ўтиб Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини бекор қилди, унда ғирромликка йўл қўйилганини даъво қилиб чиқди ва қайта сайлов ўтказилишини эълон қилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Истанбул Туркияда ҳал қилувчи шаҳар саналади. Ҳукуматда ишлаётган кўплаб раҳбарлар Истанбулдаги фаолияти орқали кўзга ташланган. Жумладан, Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам сиёсатдаги дадил қадамларини Истанбул раҳбарлигидан бошлаган. Бу шаҳар раҳбари лавозимида ишлаганлар эса Президент бўлиши эҳтимоли юқори. Шу боис Экрем Имомўғлу мамлакатда норасмий яккаҳукмронликка ўч "Адолат ва тараққиёт" партиясига келгуси Президент сайловида катта хавф сифатида кўрилмоқда. Бинали Йилдирим эса Президент Эрдўғаннинг ишонган одамларидан. У икки йил аввал Бош вазир эди. Кейинроқ, Парламент раиси бўлди. Энди эса Истанбул раҳбарлигига интилмоқда.

Йилдиримнинг Истанбул раҳбари бўлишини ва ўз партияси мамлакатнинг энг аҳолиси кўп шаҳрида ҳукмронлик қилишини ҳаммадан ҳам кўп Президент Ражаб Тойиб истаяпти.

Бироздан сўнг, сайлов натижалари эълон қилинади ва Туркияни келажакда нималар кутаётгани маълум бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

412

Рейтинг

3.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг