Эрдўған Швеция ва Финляндиянинг йўлига “тош қўйди”

Олам 30593
image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған НАТОнинг Финляндия ва Швеция бўйича қарорларига ижобий муносабатда эмаслигини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда.

“Биз Швеция ва Финляндия билан боғлиқ ўзгаришларни кузатиб боряпмиз, лекин биз буни ижобий баҳоламаймиз”, деган Эрдўған бугун, 13 май куни жума намозидан кейин жонли эфирда.

Эрдўған ўз позициясини ҳар икки Скандинавия давлати кўплаб террорчилар учун бошпана экани билан изоҳлаган. Шунингдек, у Туркия НАТОга аъзо бўлганидан бери унинг кенгайишини қўллаб-қувватлаб келганин қўшимча қилган. 

Маълумки, Туркия НАТО аъзосидир. Ҳар қандай давлат НАТОга тўлақонли аъзо бўлиши учун альянснинг барча аъзолари аризани маъқуллаши керак.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 855
Рейтинг: 2.9
t
×