Эрдўған Путинни кўндирганини айтди

Олам

image
0:00
0:00
download

Туркия ва Россия муҳтож мамлакатларга озиқ-овқат маҳсулотларини текин етказиб беришга келишиб олдилар. Бу ҳақда бугун, 4 ноябрь куни Президент Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди. 

“[Россия президенти Владимир] Путин билан музокараларимиз чоғида муҳтож давлатларга донни текин жўнатишга келишиб олдик. Биз Путиннинг фикрига қўшиламиз, Африка Қора денгиз дон йўлагидан фойдаланиши керак. Биз дон кемаларининг ҳозирда оғир озиқ-овқат инқирози ва очарчиликдан азият чекаётган мамлакатларга етиб боришини таъминлаймиз”, дейди Туркия раҳбари. 

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, у БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан ҳам бу ҳақда гаплашган. Бундан ташқари, Президент Балида бўлиб ўтадиган G20 саммитида Африка давлатларини озиқ-овқат билан таъминлаш масаласини кўтариш ниятида эканлигини маълум қилди. 

Эрдўған, Ғарб давлатларининг Африкадаги одамларнинг азоб-уқубатларига эътибор бермай, инсонийлик сабоқларини беришга уринишлари уят эканлигини айтди. 

“Миллионлаб одамларнинг азоб-уқубатлари эътиборга олинмайди. Африкада, хусусан, Сомалида бир бурда нонга эга бўлмаган ҳолда ҳалок бўлаётган ҳар бир бегуноҳ инсоннинг дарди қалбимизни эзади. Афсуски, миллионлаб одамларнинг бошига етаётган бу фожиаларга барҳам бериш учун ҳеч қандай ҳаракат қилинмаяпти. Бутун дунёга инсонийлик сабоқларини бераётган Ғарб давлатларининг бу фожиага бефарқ қараб туриши уятдир”, дейди Туркия раҳбари. 

Шу билан бирга, Эрдўған Туркия Европанинг менталитети ва хатти-ҳаракатидан ажабланмаслигини, лекин буни қабул қилмаслигини таъкидлади.  

“Африка, Осиё ва Лотин Америкаси улар учун арзон ишчи кучи, олтин ва нефть билан хизмат қилгани учун қадрлидир. Агар бундай қилмасалар, улар Европанинг улуғвор боғига бостириб кирган бегона ўтларга айланади. Одамларни тили, тери ранги ва юртига кўра ажратувчи қараш дунёмизни қандай фалокатга олиб келганини биламиз. Ислом оламидаги баъзи биродарларимиз ва опа-сингилларимиз ҳам қурбонларнинг фарёдига кардек муносабат қиляпти”, дейди Туркия Президенти. 

2 ноябрь куни Президент Путин Россия ғалла битимидан чиқса ҳам, энг қашшоқ мамлакатларга дон етказиб беришга тайёрлигини маълум қилди. У ғалла битими энг қашшоқ мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги манфаатларини таъминлаш баҳонасида амалга оширилганига, бироқ уларга Украина ҳудудидан атиги 4 фоиз дон етказиб берилганига алоҳида урғу берди. У, шунингдек, Россия келажакда Украинадан Туркияга дон етказиб берилишига тўсқинлик қилмаслигига ишонтирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Дон йўлаги

Баҳолаганлар

174

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг